20:51 / 08.04.2021
13288
Президент иккинчи чорак учун бюджетга тушум миқдорини белгилаб берди

Ўзбекистонда 2021 йил биринчи чорагида 36 триллион сўм бюджет тушуми таъминланиб, маҳаллий бюджетлар ихтиёрида 1 триллион 600 миллион сўм қолдирилган. Президент иккинчи чоракда ҳам бюджетга 36 триллион сўм тушум сўзсиз таъминланиши лозимлигини маълум қилди.

8 апрел куни давлат раҳбари бошчилигида тадбиркорликни ривожлантириш ва жорий йилда аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижроси бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбир кескин танқидий руҳда бўлиб ўтди.

«Бугунги кунда давлат харидларидаги кичик бизнеснинг улуши бор-йўғи 12 фоизни, айниқса Самарқандда 7,5 фоиз, Жиззахда, Сурхондарё ва Тошкент вилоятида 9 фоизни ташкил этмоқда.

Бу соҳа кичик ва ўрта бизнес учун катта имконият. Кейинги ҳафта имзоланадиган «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳририда бу имкониятлар янада кенгайтирилади.

Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари кичик бизнес субъектларини ушбу жараёнга янада фаол жалб қилишлари ва уларнинг улушларини камида 2 бараварга оширишлари зарур.  

Умуман олганда, тадбиркорлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш, уларга кенг шароит ва имкониятлар яратиш бўйича жойлардан 100дан ортиқ аниқ таклифлар келиб тушди.

Вилоят ҳокимлари жорий йилда бандлик дастури асосида, 457 мингта доимий янги иш ўринларини ташкил этади.

Холхўжаев, Икрамов, Кудбиев вилоят ҳокимлари билан бирга, кичик ва ўрта бизнес корхоналари ҳамда янги якка тадбиркорлар фаолиятини ташкил этиш ҳисобига 210 мингта доимий иш ўринларини яратишга жавоб беради.

Воитов, Бобур Абдиназаров, Адиз Бобоев вилоят ҳокимлари ва тармоқ раҳбарлари билан бирга, тармоқ ва ҳудудий инвестиция лойиҳалари ҳисобига 248 мингта янги иш ўрни яратишга масъул.

Бундан ташқари, «дафтарлар»га киритилган 40 минг нафар ишсизларга ўзини ўзи банд этиш учун 92 миллиард сўм субсидия ажратиш керак», деган давлат раҳбари.

Президент йилнинг иккинчи чораги учун бюджет тушуми бўйича кўрсатмалар берди. 

«Жорий йил биринчи чорагида 36 триллион сўм (106 фоиз) бюджет тушуми таъминланиб, маҳаллий бюджетлар ихтиёрида 1,6 триллион сўм қолдирилди. Тарихда бундай маблағ қолмаган.

Лекин, Андижон вилоятидаги ишларнинг ҳақиқий аҳволи биринчи ярим йилликда тушумларни кафолатли таъминлаш бўйича хавотир уйғотмоқда.

Умуман, иккинчи чоракда бюджетга 36 триллион сўм тушум сўзсиз таъминланиши лозим.

Солиқ тушумлари – 28,5 триллион сўм, божхона тўловлари – 7,5 триллион сўм таъминланиши шарт», дея давлат раҳбарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Шунингдек, Давлат солиқ қўмитаси иккинчи чоракда 2 триллион сўм, Давлат божхона қўмитаси 250 миллиард сўм қўшимча тушумни таъминлашга масъуллиги маълум қилинди.

Бош вазир ўринбосари – Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров, Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев, Давлат божхона қўмитаси раиси Муроджон Азимов, Молия вазирининг биринчи ўринбосари Омонулла Насритдинхўжаев бир ҳафта муддатда ҳар бир манба бўйича захираларни таҳлил қилиб, вилоят, туман, шаҳар ҳокимларига мавжуд имкониятларни кўрсатиб бериши кераклиги қайд этилди.

Top