21:38 / 08.04.2021
821
Ургут туманини инновацион ҳудудга айлантириш лойиҳаси тақдим этилди
Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги

Самарқанд вилояти ҳокимлигида Ургут туманини инновацион ҳудудга айлантириш лойиҳаси тақдимоти ўтказилган. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлиги хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 8 апрел куни Самарқанд вилояти ҳокимлигида Инновацион ривожланиш вазирлиги ходимлари томонидан Ургут туманини инновацион ҳудудга айлантириш лойиҳасининг тақдимоти ўтказилган. Унда вазир И.Абдураҳмонов, вилояти ҳокими Э.Турдимов, Қозоғистоннинг «Almau» Алмати менежмент университети ректори Ербол Сулейменов ва бошқа мутасаддилар қатнашган.

Мазкур лойиҳа доирасида Ургут туманида доривор ва техник ўсимликларни етиштириш, йўл қурилиши, электротехника, автомобилсозлик соҳаларига инновацион технологияларни жорий этиш таклифлари берилган. Шунингдек, илмий-тадқиқот ўтказиш учун йилига 400 тонна уруғ, 4000 литр ёғ, 1500 тонна тола, 7500 тонна поя ишлаб чиқариш қувватига эга завод қуриш лойиҳаси кўриб чиқилган.

«Almau» Алмати менежмент университети ректори Ербол Сулейменов Ургутда 2000 нафар талабани ўқитиш имкониятини берадиган университет филиалини очиш таклифини илгари сурган. Унда ёшларга бакалавриат, магистратура ва MBA босқичларида менежмент, муҳандислик менежменти, тадбиркорлик ва инновациялар, туризм соҳасида билим бериш режалаштирилган.

Бундан ташқари, Ургутда йўл қурилишига Австралия технологиясини татбиқ этиш таклиф этилган. Қайд этилишича, агар анъанавий тарзда 1 сменада 250 м² йўл қурилса, Австралия технологиясида 5 минг м² йўл қурилади. Йўл қурилиши харажатлари 1 м² 120 минг сўмдан 50 минг сўмга қисқаради, йўлдан фойдаланиш муддати эса 4 йилдан 15 йилга ошади. Бундан ташқари, йўл қурилишининг экологик хавфсизлиги ҳам таъминланади.

Шунингдек, туманда алкотестер, автомобиллар учун SOS қурилмаси, автомобиль музлаткичлари, электрон турникет ишлаб чиқариш лойиҳалари тақдимоти ўтказилган.

Маълумот учун, 2021 йил 1 апрел куни «Илмий ва инновацион фаолиятни ривожлантириш бўйича давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги Президент Фармони (ПФ-6198-сон) қабул қилинган эди. Фармонда ҳудудларда инновацион фаолиятни ривожлантириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда инновацион ҳудудга айлантирилаётган туманлар рўйхати (13 та) тасдиқланган. Мазкур рўйхатга кўра, Самарқанд вилоятида Ургут туманини инновацион туманга айлантириш кўзда тутилган.

Top