20:20 / 09.04.2021
15861
Тожикистон президенти Ворух анклави Қирғизистондаги ҳеч бир ҳудуд билан алмаштирилмаслигини айтди

Имомали Раҳмон Исфара ва Ворух жамоати аҳолисини қўшнилар билан тинч-тотув яшашга чақирди.

Фото: Тожикистон президенти матбуот хизмати

Чегараолди ва ҳудудий баҳслар ўзаро манфаатлар ҳисобга олинган ҳолда ва томонларнинг тасдиқланган ҳуқуқий базалари асосида ҳал этилиши лозим. Бу ҳақда Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Ворух жамоати аҳолиси билан учрашувда айтди.

«Халқаро муносабатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, қўшнилар ўртасидаги муносабатлар ўзаро ҳурмат, толерантлик ва томонларнинг миллий манфаатларини ҳурмат қилиш асосига қурилади.

Шу сабабли таъкидлаш лозимки, чегараолди ва ҳудудий баҳслар, давлат чегарасини ва унинг демаркациясини келишиш мураккаб жараён бўлиб, кўп вақт ва саъй-ҳаракат талаб қилади.

Табиийки, бундай баҳслар ўзаро манфаатлар ҳисобга олинган ҳолда ва томонларнинг тасдиқланган ҳуқуқий базалари асосида ҳал этилиши лозим», – деди у.

Раҳмон Қирғизистон миллий хавфсизлик қўмитаси бошлиғи Қамчибек Ташиевнинг Қирғизистон Тожикистонга Ворухни Боткен областидаги бошқа участкага алмаштиришни таклиф қилгани тўғрисидаги сўзларини изоҳлар экан, Ворухни бошқа ҳудудга алмаштириш тўғрисида гап бўлиши мумкин эмаслигини айтди.

«Яна бир нарсани таъкидламоқчиман, бутун музокаралар даврида, яъни 19 йил давомида Ворухни қандайдир бошқа ҳудудга алмаштириш тўғрисида гап бўлмаган ва бўлиши ҳам мумкин эмас», –деди Тожикистон президенти.

У Исфара ва Ворух жамоати аҳолисини қўшнилар билан тинч-тотув яшашга чақирди.

Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара узунлиги 970 кмни ташкил қилади. Собиқ иттифоқ парчалангандан кейин бу чегарада 70га яқин баҳсли қисмлар қолган, улар вақти-вақти билан икки давлат аҳолиси ва ҳарбийлари ўртасида можаро чиқишига сабаб бўлган.

Top