22:08 / 12.04.2021
5392
2021 йилда Тошкент шаҳрига 4,1 миллиард доллар инвестиция киритилиши маълум қилинди

Президент Шавкат Мирзиёев 12 апрел куни Тошкент шаҳрида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишди.

Фото: Пресс-служба президента

Расмий релизга кўра, 2021-2023 йилларда Тошкент шаҳрида умумий қиймати 10,7 миллиард долларлик 1390 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш ва қарийб 98 мингта иш ўрни яратиш режалаштирилган.

Жумладан, 2021 йилда жами 4,1 миллиард доллар инвестиция ўзлаштириш белгиланган.

«Биринчи чоракда пойтахтда 1,8 триллион сўмлик 130 та лойиҳа ишга туширилди ва 2 мингга яқин иш ўрни яратилди. Жумладан, саноат йўналишида 55 та, хизмат кўрсатиш соҳасида 63 та, уй-жой қурилишида 12 лойиҳа амалга оширилди.

Тақдимотда йил якунига қадар амалга оширилиши мўлжалланган лойиҳалар тўғрисида маълумот берилди. Мисол учун, Мирзо Улуғбек туманида йилига 110 минг тонна металлдан қуйма пўлат, арматура, уголник, швеллер каби қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхона ташкил этилади ва 200 та янги иш ўрни яратилади», – дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Қайд этилишича, йил якунига қадар қиймати 30 триллион сўмдан зиёд 847 та лойиҳани амалга ошириш ва қарийб 36 мингта иш ўрни яратиш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳрида 2021-2023 йилларда 3 миллиард долларлик экспорт режалаштирилган. Жорий йилнинг ўзида умумий қиймати 800 миллион доллардан зиёд бўлган саноат маҳсулотлари, қарийб 70 миллион долларлик мева-сабзавотни экспорт қилиш кутилмоқда.

Top