19:55 / 13.04.2021
5060
«Ўзбекнефтгаз»: Бошқарув раиси бошчилигида 2021 йил биринчи чорак натижалари ва биринчи ярим йиллик учун устувор вазифаларга доир видеоселектор ўтказилди

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида тизимдаги бошқарма, корхона ва ташкилотлар, нефть база раҳбарлари иштирокида 2021 йилнинг ортда қолган даврида амалга оширилган ишлар танқидий таҳлил қилинди.

Фото: Ўзбекнефтгаз

Йиғилиш аввалида Бошқарув раиси табиий газ қазиб чиқариш 8,2 млрд куб метрни ташкил этиб, баланс бўйича 100,9 фоизга, конденсат 100 фоизга (358 минг тонна), нефть бўйича белгиланган кўрсаткичлар 109 фоизга (31 минг тонна) бажарилган бўлса-да, қўшимча режа топшириғи бўйича айрим масъуллар ишни тўғри ташкил қилмаганини кескин танқид қилди.

Шунингдек, «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан 2021 йилда геологик-техник тадбирларни амалга ошириш бўйича янги режалар белгиланган бўлиб, қудуқларни ишга тушириш 113 фоиз (45 та қудуқ), қудуқларни мукаммал таъмирлаш 101 фоизга (174 та қудуқ) бажарилди. Бошқарув раиси ушбу йўналишда бундан-да юқори натижалар кутилганини алоҳида таъкидлаб, биринчи ярим йилликда янада кўпроқ табиий газ қудуқларини ишга тушириш бўйича вазифаларни белгилаб берди.

Нефть ва газ маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича, жумладан, автобензин 128 фоиз (238 минг тн), дизель ёнилғиси 185 фоиз (77 минг тн), полиэтилен 101 фоиз (35 минг тн) йўналишларида режани ортиғи билан бажариш қайд этилган бўлса-да, авиакеросин, мазут ишлаб чиқаришда қолоқликка йўл қўйилгани таъкидланди ва бунинг учун тегишли раҳбарлар огоҳлантирилди.

Суюлтирилган газ (159 минг тн) бўйича ҳам белгиланган қўшимча ишлаб чиқариш кўрсаткичлари бажарилмагани, агарда биринчи ярим йилликда ҳам шу ҳолат такрорланса, масъулларга қатъий жазо чоралари кўрилиши белгилаб қўйилди.

Ўз навбатида, юқори натижалар қайд этилган йўналишлар алоҳида эътироф этилди. Айнан экспорт йўналишида натижалар 111 фоизга бажарилиб, ўсиш сурати 107 фоиз бўлишига эришилган. Худди шу каби инвестицияларни ўзлаштириш 103 фоиз, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш 105 фоиз, импортни қисқартириш 157 фоизга бажарилди.

Бошқарув раиси «Ўзбекнефтгаз» АЖ олдида турган энг асосий масала – табиий газ қазиб чиқариш ишлари ҳолати шунча шароит яратилганига қарамай, жойларда иш тўғри ташкил қилинмаётганини танқид қилди.

Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси томонидан табиий газ қазиб чиқариш режаси бажарилган бўлса-да, ўтган йилга нисбатан ўсиш суръати 98 фоиз бўлиб, 103 млн куб метрга кам қазиб чиқарилгани, Сиқув компрессор станцияларининг табиий газ қазиб чиқариш қуввати кунлик 1,5 млн куб метр бўлса-да, бугунги кунда улардан самарали фойдаланилмаётгани, авария ҳолатда тўхталишлар кўп содир бўлаётгани, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2 баробарга ошиб кетгани ва бунга айнан Бошқарма раҳбари жавобгар экани айтиб ўтилди.

Шу сабабли, Бошқарув раиси ўринбосари Шаҳзод Алиризаев, Мухтор Темиров, Қурилиш департамент бошлиғи Орифжон Қуванов, Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси раҳбари Рустам Шеровга табиий газ қазиб чиқаришни кўпайтириш мақсадида, узунлиги 5 км (диаметри 426 мм ва 530 мм) бўлган газ қувурларини ётқизиш ва қурилиш-монтаж ишларини тезлаштириш бўйича алоҳида топшириқлар берилди.

«Алан» ва «Зеварда» кони қудуқлар фонди билан ишлаб, янги қудуқларни бурғилаб ишга тушириш орқали газ қазиб чиқаришни кўпайтириш чоралари кўрилиши белгиланди.

Бундан ташқари, Бошқарув раиси Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси фаолиятига ҳам алоҳида тўхталиб, табиий газ қазиб чиқариш режаси бажарилган бўлса-да, ўсиш суръати кутилганидек бўлмаганини, Бошқармада авариявий тўхталишлар сони ошганини танқид қилди.

Шу ўринда Бошқарув раиси ўринбосари Алишер Мустафаев, Департамент бошлиқлари Сирожиддин Маллаев ва Азиз Раҳмонов, Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси раҳбари Шокир Жабборовга биринчи ярим йилликда табиий газ қазиб чиқариш қўшимча топшириқ билан 4 млрд 433 млн куб метрдан кам бўлмаган ҳажмда таъминлаш бўйича топшириқ берилди.

Ўз навбатида, Водий нефть ва газ қазиб чиқариш ва Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси раҳбарлари ҳам ишни тўғри ташкил қилмагани, етарли камчиликларга йўл қўйгани, табиий газ қазиб чиқариш бўйича белгиланган кўрсаткичларни бажармагани учун расман огоҳлантирилди.

Бошқарув раиси Муборак газни қайта ишлаш заводида 21 маротаба авариявий тўхталишлар содир бўлгани, шундан 18 таси компрессорлар билан боғлиқ носозликлар эканини танқид қилди.

Ушбу ҳолатлар оқибатида ишлаб чиқариш жараёнлари тўхтаб, заводга катта миқдорда молиявий зарар етаётгани, тўхталишлар натижасида суюқ углеводородлар йўқотилаётгани, бунинг олдини олиш учун зудлик билан барча чоралар кўрилиши бўйича вазифаларни белгилаб берди.

Бошқарув раиси жорий йил биринчи чоракда йўл қўйилган камчиликлар ва муаммоларни қайта такрорламаслик ҳамда иккинчи чоракда табиий газ қазиб чиқариш ва уни қайта ишлаш, қудуқларни капитал таъмирлаш ва бурғилаш ишларини жадаллаштириш мақсадида, Углеводородларни қазиб чиқариш департаменти бошлиғи Азиз Раҳмонов бошчилигида тегишли департамент мутахассисларидан таркиб топган «Тезкор ишчи гуруҳ» ташкил қилиш ва юзага келаётган муаммоларни ўз вақтида бартараф қилиш бўйича кўрсатмалар берди.

Йиғилиш сўнгида Бошқарув раиси нефть  базалар фаолиятига алоҳида тўхталар экан, шунча чора-тадбирлар амалга оширилишига қарамай, нефть базаларининг раҳбарлари тегишли хулоса чиқармаётгани, ишни тўғри ташкил қилмаётганини айтиб ўтди.

Нефть базалар томонидан дизель ёнилғиси сотиш кўрсаткичлари жуда ачинарли ҳолатда экани, 2021 йил 1 январь ҳолатига 34,7 млрд сўмлик дебитор қарздорлик, жумладан Бухорода – 26,5 млрд сўм ва Жиззахда – 8,2 млрд сўмлик қарздорлик йил давомида яшириб келингани таъкидланди.

Фаолияти давомида йўл қўйган камчиликлари, жумладан, дебитор қарздорликларни бартараф этиш бўйича тизимли ишлар ташкил қилмагани сабабли Жиззах нефть базасига қарашли Зарбдор филиали директори эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Бошқарув раиси Молиявий ва комплаенс назорат департаменти томонидан ўрганишлар олиб борилаётганига қарамай, ҳанузгача соҳада талон-торож ва ўғриликлар бўлаётганини айтиб, бу борада тўпланган ҳужжатлар тегишлилигича прокуратура органларига берилишини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, ўрганишлар натижасида Устюрт бошқармаси тасарруфидаги автотранспорт воситалари асоссиз равишда, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилмаган ҳолда Устюрт бурғилаш бошқармасига 3 ой хизмат кўрсатиб келган. Шунингдек 1 йил давомида носоз ҳолда турган бульдозер транспорт воситасига бириктирилган 2 та ҳайдовчига 65 млн сўм иш ҳақи тўлангани, Шўртан газ кимё мажмуасида амалда меҳнат фаолиятини олиб бормаётган ходимларга ойлик иш ҳақи ҳисоблангани ва тўлаб келингани, Муборак газни қайта ишлаш заводида ҳайдовчилар меҳнатга буйруқсиз жалб қилингани, ноқонуний йўл варақалари расмийлаштирилгани, Мароқанд нефть базаси Нуробод филиалида 115 минг литр ёки қиймати 663 млн сўм бўлган маҳсулот камомади аниқланди.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Матбуот хизмати

Top