07:08 / 16.04.2021
7823
Mercedes-Benz’нинг илк тўлиқ электрлаштирилган седани намойиш қилинди  

Daimler немис автоконцерни Mercedes-Benz маркасининг илк тўлиқ электрлаштирилган седани EQS’нинг онлайн-тақдимотини ўтказди. Таъкидланишича, электромобил бир қувватланишда 770 кмгача йўл боса олади.  

EQS компания ҳозиргача ишлаб чиқарган электромобиллари орасида энг кучлиси ҳисобланади. Машина интерьерининг асосий элементи катта дисплейи – 1,4 метр узунликдаги асбоблар панели ҳисобланади. У учта кичик экрандан ташкил топган. Салоннинг орқа қисмида йўловчилар учун яна иккита дисплей кўзда тутилган.  

Daimler’нинг таъкидлашича, электромобил 107,8 кВт-соат сиғимга эга аккумулятор батареяси билан жиҳозланган бўлиб, у машинага бир қувватланишда 770 км масофа босиш имконини беради. Машинанинг дастлабки версияси EQS 450+245 кВтли двигател билан таклиф қилинади. Кейинроқ янги версия — Mercedes-Benz EQS 580 4MATIC пайдо бўлади. У 385 кВтли двигател билан жиҳозланади.  

Электромобилнинг иккала версияси жойидан 100 км/соат тезликкача мос равишда 6,2 ва 4,3 сонияда эришади. Уларнинг максимал тезлиги 210 км/соатдан иборат.  

Машинанинг узунлиги 5216 ммни, эни 1926 ммни, баландлиги 1512 ммни ва оғирлиги 2,5 тоннага яқинни ташкил қилади.  

Компания ҳозирча ушбу электр седанининг нархини маълум қилмаяпти. Бироқ у 100 минг доллардан кам бўлмаслиги тахмин қилинмоқда. 

Daimler 2030 йилгача енгил машиналар сегментида электромобиллар улушини 50 фоиздан кўпроққа оширмоқчи. Таққослаш учун айтиш мумкинки, 2021 йил 1-чорагида компаниянинг умумий савдосида электромобиллар улуши 10 фоизнигина ташкил қилган. 

Top