23:10 / 17.04.2021
17806
Зеленский Путин унинг қўнғироғига жавоб бермаганини айтди

Аввалроқ Киевдагилар Зеленский Путин билан гаплашмоқчи бўлгани, аммо бунга иккинчи томондан розилик бўлмаганини, Москвадагилар эса бу масалада ҳеч қандай сўров келиб тушмаганини билдирганди.

Фото: Getty Images

Украина президенти Владимир Зеленский Le Figaro газетасига берган интервьюсида Владимир Путинга қўнғироқ қилгани, аммо россиялик ҳамкасби унга жавоб бермаганини айтди.

"Ҳа, рост. Мен тўрт нафар ҳарбийимиз ҳалок бўлган ва икки нафари жароҳатланганида сўров бердим. Офис раҳбаридан Россия президенти билан боғланишни сўрадим, Путин билан гаплашмоқчи эдим. Аммо улар сўровни тасдиқламади – суҳбат бўлмади. Улар аввалига сўров бўлмаганини айтишди. Лекин мен эслайман.

Дарвоқе, бу кўрсаткич ҳисобланади. Чунки мендан Россия урушни тугатиш ниятидами деб сўрашади. Бу саволга ҳаракатлар билан жавоб бериш мумкин: мен қўнғироқ қилдим – жавоб беришмади. Ҳозирча шу жавоб бўлди", - деди Зеленский.

Аввалроқ Украина президенти матбуот котиби Юлия Мендель Зеленский Путин билан Украина шарқидаги вазиятни муҳокама қилиш учун сўров йўллагани, аммо бу сўровга жавоб қайтарилмаганини айтганди.

Top