09:34 / 18.04.2021
2452
Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмланганлар сони 400 мингдан ошди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги сўнгги бир кун ичида республиканинг барча ҳудудларида 33 мингдан ортиқ киши коронавирусга қарши эмланиб, шу вақтгача вакцина қабул қилганлар сони 400 мингдан ортиқни ташкил этаётгани ҳақида хабар берди.

«17 апрель куни мамлакатимиз ҳудудлари бўйлаб жами 33 208 нафар киши COVID-19'га қарши эмланди. 

Шу тариқа айни кунгача мамлакатимизда коронавирус инфекциясига қарши эмланган фуқаролар сони 403 136 нафарга етди», дейилади ССВ матбуот хизмати хабарида. 

17 апрель кунидаги эмлаш кўрсаткичлари бўйича юқори ўринларни:

  • Фарғона вилояти (4545 нафар),
  • Қашқадарё вилояти (4350 нафар),
  • Самарқанд вилояти (4344 нафар) банд қилди. 

Коронавирусга қарши эмланган жами аҳоли сони:

  • Фарғона вилоятида 58529 нафар, 
  • Андижон вилоятида 44309 нафар, 
  • Наманган вилоятида 40664 , 
  • Самарқанд вилоятида 36178 нафарни ташкил қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аҳолини коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари 1 апрелдан вилоятлар марказлари ва катта шаҳарларда бошланди. Май ойида эмлаш тадбирлари туман марказлари ва кичик шаҳарларда амалга оширилади.

Вакцина 65 ёшдан ошган фуқароларга ва COVID-19'ни юқтириш хавфи бўлган тиббиёт ходимларига бепул берилмоқда. Июнь ойида эса бошқа аҳоли қатламини ҳам эмлашни бошлаш режалаштирилган.

Айни пайтда ўзбекистонликлар AstraZeneca ва Хитой ва Ўзбекистон ҳамкорлигидаги ZF-UZ-VAС2001 вакцинаси билан эмланмоқда. 

COVAX дастури доирасида жорий йилнинг май-июн ойларида 2 млн доза AstraZeneca, апрел-июн ойларида эса 3,5 млн доза ZF-UZ-VAK2001 вакциналарини Ўзбекистонга олиб келиш режалаштирилган.

Шунингдек, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан Россия Федерациясидан 1 миллион доза Спутник V вакцинаси харид қилиш юзасидан шартнома имзоланмоқда. 

Шу билан бирга, айни пайтда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан яна қўшимча AstraZeneca вакцинасини харид қилиш юзасидан музокаралар олиб борилмоқда.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top