10:49 / 18.04.2021
3104
Янги Зеландия 2025 йилгача тамаки маҳсулотларидан тўлиқ воз кечмоқчи

Янги Зеландияда 2025 йилгача тамаки маҳсулотларидан тўлиқ воз кечиш режалаштирилмоқда.

Фото: Reuters

Ҳукуматнинг тамаки чекишга қарши кураш режасига кўра, тамаки маҳсулотлари савдосини босқичма-босқич чеклаш доирасида улардаги никотин даражасини камайтириш, тамаки ва сигаретга қатъий белгиланган нарх ўрнатиш, тамаки савдоси билан шуғулланувчи дўконлар сонини камайтириш чоралари кўзда тутилган.

Шунингдек, 2004 йилдан кейин туғилган фуқароларга тамаки маҳсулотлари сотишни тақиқлаш ҳам таклиф қилинмоқда.

Ҳукуматнинг бу ташаббусини соғлиқни сақлаш ташкилотлари қўллаб-қувватлаган.

“Тамаки – тарихдаги энг зарарли истеъмол маҳсулотидир. Биз ундан тўлиқ воз кечишимиз лозим”, деб айтган саратонга қарши курашиш жамияти ижрочи директори Люси Элвуд.

Бироқ ҳукуматнинг ушбу ташаббусини танқид қилувчилар ҳам топилди. Улар ушбу чекловлар салбий оқибатларга олиб келишини айтишмоқда. Жумладан, бунинг оқибатида кичик дўконлар касодга учраши ва тамаки қора бозори авж олиши мумкин.

Бундан ташқари, ҳукумат фуқароларнинг шахсий ҳаётига аралашишда айбланмоқда.

Маълумотларга кўра, Янги Зеландиянинг ярим миллионга яқин аҳолиси ҳар куни тамаки маҳсулотлари истеъмол қилади. Мамлакатда ҳар йил 4,5 мингга яқин одам тамаки чекиш билан боғлиқ касалликлардан вафот этади. Тамаки чекиш Янги Зеландияда саратон касаллигидан ҳар тўртинчи ўлим сабабчиси ҳисобланади.

Top