11:50 / 22.04.2021
6668
«Ҳудудгазтаъминот» фирибгар газ «инспектор»лари тўғрисида огоҳлантирди

Сўнгги кунларда айрим ҳудудларда ўзини газ таъминоти ташкилоти инспектори дея таништириб, хонадонлардаги ҳисоблагичлар кўрсаткичларини текшириш баҳонасида уй эгаларидан табиий газ учун пул маблағларни ўзлаштириб олаётган фирибгарлар аниқланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан қўлга олинаётгани ҳақида маълумотлар тарқалди.

“Ҳудудгазтаъминот” матбуот хизмати маълум қилишича, илгари истеъмолчиларнинг газ ҳисоблагичларидаги кўрсаткичларни йиғиш ҳамда тизимга киритиш билан шуғулланган инспекторлар лавозими бекор қилинган.

Билдирилишича, 2020 йилда “Ҳудудгазтаъминот” томонидан табиий газни ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган бошқарув тизими (ГНҲАТ/АСКУГ) лойиҳасини амалга ошириш бошланди ҳамда унинг доирасида истеъмолчилар барча тоифалари учун истеъмол қилинган табиий газ учун кўрсаткичларни реал вақт режимида “BillingGaz” тизимига узатувчи электрон газ ҳисоблагичлар ўрнатилмоқда.

“Шунингдек, газ етказиб берувчи ва абонент ўртасида ўзаро ишончга асосланган муносабатларни ўрнатиш, шунингдек, ГНҲАТ тизимига уланмаган ҳамда аввал ўрнатилган газ ҳисоблагичларидан табиий газ истеъмоли тўғрисидаги маълумотларни “BillingGaz” тизимига киритишда инсон омилини қисқартириш мақсадида, “Ҳудудгазтаъминот” махсус Тelegram ботни ишга туширди.

Ушбу Telegram бот асосан ГНҲАТ (АСКУГ) тизимига уланмаган газ ҳисоблагич кўрсаткичларини мустақил тарзда газ идорасига юбориш учун ишлаб чиқилди.

Қолаверса, энди ушбу бот орқали табиий газ истеъмолчилари нафақат ҳисоблагич кўрсаткичларини мустақил тарзда ўзлари киритишлари, балки газ истеъмоли ҳажми бўйича барча зарур маълумотларни олишлари, рўйхатдан ўтишлари ва шахсий ҳисобрақамларини доимий текширишлари, шунингдек, газ таъминоти учун тўловларни ҳам амалга оширишлари мумкин. Бунинг учун Telegram мессенжерига кириб, “қидирув” қисмига @hgt_abonent_bot деб ёзиш кифоя”, дейилади маълумотда. 

Агар хонадонга маҳаллада фаолият юритган собиқ инспектор газ тўловлари билан боғлиқ ҳолатлар бўйича келса, “Ҳудудгазтаъминот” зудлик билан маҳалла профилактика инспекторига ёки жамиятнинг 1104 қисқа рақами ва Facebook ижтимоий тармоғидаги “Газ таъминоти муаммолари ва уларни ҳал этиш йўллари” гуруҳи орқали мурожаат қилишни сўраган.

Top