21:21 / 22.04.2021
9941
Президент хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш бўйича қўшимча чораларни белгилаб берди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 22 апрель куни ҳудудларда хизмат кўрсатиш соҳаси йўналишларини ривожлантириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда президент ҳар бир лойиҳа ижросини назоратга олиб, тадбиркорларга кўмаклашиш, шу билан бирга, янги лойиҳаларни шакллантириб бориш юзасидан кўрсатмалар берди.

Ҳар бир ҳудуднинг ўзига хослигидан келиб чиқиб, хизматларни кенгайтириш, янги хизмат турларини йўлга қўйиш, илғор тажрибалар ва намунавий лойиҳаларни жорий этиш бўйича янги методология яратиш зарурлиги таъкидланди. Бунинг учун, Ўзбекистон миллий банки ҳузурида хизматларни ривожлантириш бўйича лойиҳа-таҳлилий маркази ташкил этилади ва барча вилоятлардаги филиалларида унинг бўлимлари очилади. Уларда аҳолига намунавий тайёр бизнес лойиҳалари тақдим этилади, касбга ўқитишдан бизнесни йўлга қўйишгача бўлган комплекс хизматлар кўрсатилади.

Давлат раҳбари лойиҳаларни молиявий таъминлаш масаласига алоҳида тўхталди.

Ҳисоб-китобларга кўра, бу йил хизматлар соҳаси учун банклар томонидан камида 18 триллион сўм кредитлар йўналтирилади.

Бундан ташқари, давлат томонидан тижорат банклари орқали қўшимча 300 миллион доллар ажратилади. Шундан 150 миллион доллари 1 июлгача жойларга етиб боради.

Вилоят, туман, шаҳар ҳокимлари, сектор раҳбарлари, маҳаллага бириктирилган масъуллар билан бирга «маҳалла – туман – банк» принципи асосида лойиҳалар рўйхатини шакллантиради. Бунда, ҳар бир маҳаллада камида 20 турдаги, туман ва шаҳарда камида 70 та турдаги хизматлар бўлиши назарда тутилади.

Шунингдек, Миллий банк томонидан 28 та йирик ва ўрта шаҳарларда туризм, транспорт, тиббиёт, таълим хизматлари ҳамда йирик савдо комплекслари ташкил этиш учун қўшимча 200 миллион доллар маблағ жалб қилинади.

Умуман айтганда, бюджетдан ва Миллий банк томонидан хизмат кўрсатиш соҳасига жами 500 миллион доллар ёки 5,5 триллион сўм йўналтирилади.

«Топшириқ беришдан олдин шароит яратяпмиз, пуллар ажратяпмиз. Биргина хизматлар соҳасига 500 миллион доллар беряпмиз. Буни агар ҳалол-пок ишлатсак, неча минг ишчи жой пайдо бўлади. Ҳар бир вазир ватанпарвар бўлиб, “ўзининг аравасини ўзи тортиб”, берилган бир сўм пулни қадрлаб, жойига етказса, одамлар ишонади», – деди Шавкат Мирзиёев.

Бунинг учун вазирлик ва идоралар раҳбарлари ўз йўналишида хизматлар ривожи учун ҳаракат қилиши зарурлиги қайд этилди.

«Вазирлар ўз соҳасида хусусий сектор фаолияти учун ҳуқуқий база яратиши, рухсат бериш талабларини соддалаштириб, тадбиркорликка йўл очиши зарур. Қаерда давлат корхонаси, қайси фаолият бўйича давлат-хусусий шериклик ёки хусусий сектор бўлиши аниқ қилиб белгиланиши керак», – деди президент.

Мисол учун, охирги 2 йилда 6 мингга яқин кўп қаватли уйлар қурилган. Уларнинг эксплуатацияси бўйича бошқарув компаниялари ташкил этиш, мавзелар ичида турли хизматларни йўлга қўйиш мумкин.

Ёки, хавфсизлик талабларини қўйган ҳолда, аэропорт, темир йўл ва автовокзаллар ҳудудларида, магистрал йўллар ёқасида савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш тадбиркорларни даромад, аҳолини иш билан таъминлайди.

Ахборот соҳасида хусусий сектор иштирокини янада кенгайтириш, нархларни арзонлаштириш ва сифатини ошириш ҳисобига алоқа ва интернет хизматлари ҳажмини камида 2 бараварга, дастурлашни 3 бараварга ошириш имконияти бор.

Худди шу каби, барча вазирлик ва идоралар тизимида фойдаланиш зарур бўлган йўналишлар кўрсатиб ўтилди.

Сервисни аҳолига яқинлаштириш мақсадида маҳаллаларда енгил конструкциялардан хизматлар маркази барпо этиш муҳимлиги таъкидланди. Шунингдек, 28 та шаҳар ҳамда аҳолиси 150 мингдан кўп бўлган туман марказларида савдо ва хизматлар учун махсус кўчалар ташкил этилиши белгиланди. Уларда 100 мингта тадбиркорлик субъектларини жойлаштириш имкони мавжуд.

Хизмат кўрсатишда энг муҳим масала – бу манзилни тўғри танлаш. Шу боис Қурилиш вазирлигига вилоят ҳокимлари билан бирга, савдо ва хизмат кўрсатишга ихтисослашган кўчалар ҳамда марказларнинг жойини танлаб, лойиҳасини ишлаб чиқиш, лотларга бўлиб, танлов асосида савдога чиқариш топширилди. Хавфсизлик чораларини кўриб, ушбу савдо ва хизмат кўрсатиш объектларининг кун-у тун ишлашига рухсат берилиши ҳам мумкин.

Кўп тармоқли шифохоналар ва унинг атрофида хусусий шериклик асосида тиббиёт кластерлари, олий ўқув юртлари ҳудудида хорижий тиллар, тайёрлов ва касбга ўргатиш курслари ташкил этиш бўйича ҳам топшириқлар берилди.

Йиғилишда мутасаддилар жойлардаги салоҳиятни юзага чиқариш, ташаббускорларни қўллаб-қувватлаб, хизматлар ҳажмини ошириш чора-тадбирлари юзасидан ахборот берди.

Top