17:43 / 24.04.2021
7882
Марказий банк раиси ўтган йилги валюта операциялари бўйича маълумот берди

2020 йилда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан сотиб олинган жами валюта ҳажми 12 фоизга ошиб, 15,4 млрд долларни, сотилган валюта ҳажми эса 14 фоизга ошиб, 6,7 млрд долларни ташкил этди.

Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов Сенат ялпи мажлисида ўтган йилги валюта операциялари бўйича маълумот берди, дея хабар қилмоқда Kun.uz мухбири.

«2020 йилда аҳолига хизмат қиладиган валюта айирбошлаш шохобчаларининг умумий сони 1 724 тадан 2 664 тагача кўпайтирилди ҳамда миллий валютани чет эл валютасига қулай айирбошлаш имконияти яратилди.

Мураккаб иқтисодий шароитларга қарамасдан, 2020 йилда хўжалик юритувчи субъектларнинг ички валюта бозоридаги фаоллигининг ошиши кузатилди.

Жумладан, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан сотиб олинган жами валюта ҳажми 2019 йилга нисбатан 12 фоизга ошиб, 15,4 млрд АҚШ долларини, сотилган валюта ҳажми эса 14 фоизга ошиб, 6,7 млрд АҚШ долларини ташкил этди.

Валюта бозорида иштирок этган хўжалик субъектларининг ўртача сони 2019 йилдаги 6 700 тадан 7 200 тагача кўпайди.

Шунингдек, нейтрал характердаги валюта интервенциялари давом эттирилиб, монетар олтин сотиб олиниши ҳисобига юзага келган қўшимча ликвидлиликнинг (5,2 млрд АҚШ доллари ёки 53 трлн сўм) тўлиқ стерилизация қилиниши миллий валюта алмашув курсининг фундаментал бозор омиллари таъсирида шаклланишига шароит яратди ва 2020 йилда валюта курсининг қадрсизланиши 10,1 фоиз доирасида бўлди.

Таъкидлаш керакки, 2020 йилда жаҳон бозорида олтин нархининг сезиларли даражада ошиши халқаро захираларнинг 5,7 млрд АҚШ долларига кўпайишига, олтин ишлаб чиқарувчиларнинг 21 трлн сўм қўшимча даромад олишига ва ўз навбатида бюджет даромадлари ҳамда иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватлашда муҳим замин бўлди», – деди Марказий банк раиси.

Аввалроқ, Марказий банк февралдаги валюта олди-сотдиси бўйича маълумот берганди. Унга кўра, ички валюта бозоридаги операцияларнинг умумий ҳажми 1,6 млрд долларни ташкил этиб, январ ойига нисбатан 4 фоизга ўсган.

Top