20:35 / 27.04.2021
19041
Ўт ўчириш машинасида бозорга хлор сепиш – одамлар устидан кулиш эмасми?

Андижон ва Сурхондарё вилоятларида коронавирусга қарши кураш ниқоби остида содир этилган бу каби ибтидоий ҳаракатларни инсонлар устидан кулиш деб баҳолаш мумкин.

Андижон вилоятининг Марҳамат ва Сурхондарё вилоятининг Денов туманларида ФВБнинг ўт ўчириш машиналари кўчалар ва бозорларда одамлар устига юқори босимда хлор сепиб чиқди.

Бу воқеалар акс этган видеолар интернетда тарқалгач, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг норозилигини уйғотди.

Андижон вилояти ҳокимлиги хлорли сув сепилаётган вақтда одамлар бўлмаганини таъкидлаган бўлса, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳодиса юзасидан ўрганиш якунлари бўйича тегишли ходимларга интизомий таъсир чоралари кўрилишини маълум қилди.

Андижон вилояти ҳокимлиги берган муносабат бироз одамни ўйлантиради. Сабаби, ҳолат юз берган 25 апрел куни якшанбага тўғри келган ва айни шу куни бозор атрофида одам бўлмаслиги соғлом ақлга сиғмайди.

«Бозор радиоузели томонидан харид учун келганлар ва сотувчилар ҳолат юзасидан огоҳлантирилгани» эса янада кулгили.

Шунингдек, вилоят ҳокимлиги ўз муносабатида «Автомашиналар дезинфекцияланаётган пайтда аҳоли бозор ичида бўлган», – дея иддао қилмоқда.

Бироқ, видеодан маълумки, у ерда одамлар бўлган. Ҳатто Фавқулодда вазиятлар бўлими ходими овоз кучайтиргич орқали: «Азам ака, қочинг», дея таъкидлагани ҳам видеода акс этган. Бундан ташқари, автомобиллар ортидаги дўконларнинг эшиклари ланг очиқ ҳолатда харидорларга хизмат қилаётганини кўришимиз мумкин.

Махсус комиссия қарорига мувофиқ фойдасиз экани айтилган бундай дезинфекция қилиш юқоридан берилган топшириқми-йўқми, деган саволимизга Марҳамат тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими ходими қайта қўнғироқ қилишини айтиб, рақамини ўчириб қўйди. Саволимиз эса очиқ қолди.

Махсус комиссия томонидан касаллик аниқланган тақдирда ўша муассаса карантинга олиниши таъкидланган, бироқ бундай тарзда дезинфекция қилиш ҳақида сўз бормаган.

«Касаллик ўчоғи аниқланган» деган иддаога таҳлилий жиҳатдан ёндашсак, дезинфекциядан 1 кун олдин, яъни 24 апрел куни Андижон вилоятидан 5 нафар фуқарода коронавирус аниқланган. Дейлик, 5 нафар касалликка чалинганларнинг ҳаммаси Марҳамат туманидан бўлган тақдирда ҳам (аслида бундай эмаслиги аниқ), ушбу ҳудуд «касаллик ўчоғи» бўла олмайди. Ёки масъуллар касаллик кўп чиқса ҳам, рақамларда уни кам кўрсатаётган, деган хулосага келиш мумкин.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, Андижон вилояти ҳокимлиги ўз муносабатида айбни одамларга ағдаришга уринмоқда. Бироқ инсон омили ҳар қандай вазиятда ҳам биринчи ўринда эканини унутмаслик даркор.

Сурхондарё вилоятининг Денов туманидаги ҳолат бўйича эса ҳозирча фақат ФВВ муносабат билдирган. Туман ва вилоят ҳокимлиги сукутни афзал билмоқда. Аслида эса вазият уларда мураккаброқ. Бир томондан хлорланган сув очиқчасига одамлар устига сепилган бўлса, иккинчи томондан юқори тезликда ҳаракатланаётган ўт ўчириш машинаси йўловчиларга катта хавф туғдирган.

Тарқалган видеодан кўриш мумкинки ўт ўчириш машинаси савдо расталари ораси бўйлаб ҳаракатланган, йўлдан учраган жисм борки, уриб кетаверган. Шунинг баробарида инсонлар билан бир қаторда савдодаги маҳсулотлар ҳам хлорга «чўмилтирилган».

Республика ихтисослаштирилган аллергология илмий-амалий тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Илмира Розиқованинг таъкидлашича, хлорли эритмаларнинг инсон организмига хатарли таъсири жуда кучли. Мутахассиснинг айтишича, хлорли эритмалардан нотўғри фойдаланиш юқори нафас йўлларининг енгил қизаришидан то енгил куйишгача бўлган ҳолатларни келтириб чақиради. Бунинг натижасида инсонда аллергик ринит, конъюнктивит, бронхит ва ҳатто оғир касаллик ҳисобланувчи бронхиал астма келиб чиқиши мумкин.

Коронавирусга қарши кураш ниқоби остидаги бу каби ибтидоий ҳаракатларни ҳеч шубҳасиз инсонлар устидан кулиш, уларни таҳқирлаш дея баҳолаш мумкин.

Ҳар икки ҳолатда ҳам шу бемаъни ҳаракатларни содир этганлар ҳамда шунга кўрсатма берганлар қандай кўринишда бўлмасин, жазоланиши шарт.

Ўзингизни эҳтиёт қилиб, карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда кўчага чиқишингизни тавсия қиламиз.

Абдували Қурбонов,
Kun.uz мухбири.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top