11:01 / 28.04.2021
4707
Ўзбекистонда банклар фаоллик рейтинги эълон қилинди

Йирик банклар рейтингида «Капиталбанк», «Трастбанк», «Алоқабанк» энг фаол, кичик банклар орасида эса «Давр банк», «Зираат банк» ва «Универсал банк» етакчи деб топилди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистондаги 31та тижорат банклари учун «Банклар фаоллик индекси»ни ишлаб чиқди. Марказнинг Kun.uz’га маълум қилишича, индекс молиявий воситачилик, оммабоплик, капитал етарлилиги, активлар сифати, бошқарув самарадорлиги, даромад олиш салоҳияти ва ликвидлилик кўрсаткичлари бўйича ҳисобланган.

Йирик банклар фаоллик рейтинги

2021 йил 1-чорагида 17та йирик банк орасида «Капиталбанк» ўтган йилнинг 2-чорагидан буён 1-ўринни сақлаб қолмоқда. Марказга кўра, мазкур банкдаги капитал етарлилиги, даромад олиш салоҳияти ва бошқарув самарадорлиги бўйича юқори натижалар умумий рейтингда ўз ўрнини мустаҳкамлашга ёрдам берди.

Хусусан, банк муддатли депозитларининг кредитларига нисбати 78 фоизни ташкил этди. Бошқа банклар ва молия институтларидан олинган маблағлар улуши 3,5 фоизни ташкил этди.

Ҳукуматдан (Молия вазирлиги ва Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан) олинган маблағлар улуши 0,8 фоиз пунктга ошиб, 1,3 фоизни ташкил этганига қарамай, банк мажбуриятлари таркибидаги улуши энг паст кўрсаткичлардан бири бўлиб қолмоқда.

«Трастбанк» умумий рейтингда 2020 йил 4-чоракдаги ўрнидан 2 поғона кўтарилиб, 2-ўринни эгаллади. Мазкур банк капитал етарлилиги, бошқарув самарадорлиги, даромад олиш салоҳияти ҳамда ликвидлилик бўйича етакчи банклардан бирига айланмоқда. Хусусан, ликвидликни қоплаш коэффициенти Марказий банк томонидан белгиланган меъёрдан 5,2 баробар юқори ҳисобланади.

«Алоқабанк» давлат улуши мавжуд йирик банклардан бири сифатида умумий рейтингда 3-ўринни сақлаб қолди. Ушбу банк молиявий воситачилик, капитал етарлилиги ва активлар сифати бўйича яхши натижаларни кўрсатди.  

Банк муддатли депозитларининг кредитларига нисбати 56 фоизни ташкил этди, бу эса давлат улуши мавжуд бошқа банклардаги кўрсаткичдан юқоридир. Бошқа банклар ва молия институтларидан олинган депозитлар ва кредитларнинг жами мажбуриятларидаги улуши 26 фоизга етган бўлса, ҳукуматдан олинган қарзлар улуши 11 фоизни ташкил этди. Бу банк тизими ўртача кўрсаткичидан (17 фоиз) кам ҳисобланади.

Жорий йил 1-чоракда «Микрокредитбанк» ва «Ўзсаноатқурилиш» банк умумий рейтингда энг юқори кўтарилишга эришди. Ушбу банклар ўтган йилнинг 4-чорагидаги позициясидан 4 поғонага юқорилади.

Кичик банклар фаоллик рейтинги

Ўтган чоракда Ўзбекистоннинг 14та кичик банк учун фаоллик рейтингида «Давр банк», «Зираат банк» ва «Универсал банк» етакчи деб топилди ва уларнинг ўрни 2020 йил 4-чорагига нисбатан ўзгаришсиз қолди.

«Давр банк» ва «Универсал банк» молиявий оммабоплик бўйича энг юқори натижаларни қайд этди. «Зираат банк» капитал етарлилиги ва бошқарув самарадорлиги бўйича етакчи банклардан бири бўлиб қолмоқда.

Банк тизими активлари

2021 йил 1 март ҳолатига кўра, республика банк тизими активлари 366,2 трлн сўмни (2020 йил 1 мартга нисбатан 31,3 фоиз ўсди) ташкил этди.

Қайд этилишича, ҳисобот даврида тизим мажбуриятлари 306,6 трлн сўмни (38,3 фоиз ошди), капитал 59,5 трлн сўмни (12,4 фоиз ўсди) ташкил этган.

Айни пайтда банк тизимида 55 мингдан зиёд киши фаолият олиб бормоқда.

Маълум қилинишича, 2018 йилда 4 мингдан ортиқ жисмоний шахс масофавий банк хизматларидан фойдаланган. 2021 йил 1 январ ҳолатига кўра, ушбу хизматлардан фойдаланувчилар сони қарийб 14 мингга етди.

Top