21:26 / 28.04.2021
2286
Сенат Молия вазирлиги ва Солиқ қўмитасига китоб ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш бўйича сўров юборди

Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси томонидан Молия вазирлиги ва Солиқ қўмитасига китоб ишлаб чиқариш соҳасини қўллаб-қувватлаш бўйича сўров юборилди. Бу ҳақда парламент юқори палатаси сайтида маълум қилинди.

«Ўзбекистон президенти томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббуснинг тўртинчиси – китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этишга қаратилган. Бу орқали кенг жамоатчилик ўртасида маънавиятни юксалтиришга устувор аҳамият берилмоқда.

Бироқ китоб ишлаб чиқариш соҳасининг, яъни ноширлар ва босмахоналар учун солиқ имтиёзларининг бекор қилиниши, уларга нисбатан қўшилган қиймат солиғининг қўлланиши аксарият ишлаб чиқарувчиларни расмий фаолият юритишдан четлашиб, ўғринча (контрафакт) маҳсулотлар ишлаб чиқаришга «ундамоқда». Натижада «яширин иқтисодиёт» ривожланиб, қонуний фаолият юритаётганларнинг салмоғи камайиб бормоқда, соҳада иқтисодий носоғлом муҳит таркиб топмоқда.

Шу ўринда, соҳа вакилларидан келган мурожаатларда китоб ишлаб чиқаришга нисбатан табақалаштирилган қўшилган қиймат солиғи ставкасини қўллаш таклиф этилмоқда. Жумладан, китоб ишлаб чиқариш саноатига умумийга нисбатан Россия Федерациясида 50 фоиз, Германияда 36 фоиз, Францияда 28 фоиз, Буюк Британияда эса «ноль» фоиз қўшилган қиймат солиғи ставкаси қўлланилиши таъкидланган. Яъни мазкур давлатларда китоб ишлаб чиқариш соҳаси учун қўшилган қиймат солиғи ставкаси камида икки баробарга пасайтирилган», – дейилади хабарда.

Таъкидланишича, қўмита томонидан юқоридагилардан келиб чиқиб, Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасига китоб савдоси корхоналарига қўшилган қиймат солиғи бўйича табақалаштирилган ставкаларни қўллаш, шунингдек, соҳани манзилли субсидиялар орқали қўллаб-қувватлаш юзасидан сўров юборилган.

Top