16:34 / 30.04.2021
12202
Фуқароларнинг аэропорт ва вокзаллар биносига кириб-чиқишига рухсат берилмоқда

Президент “Фуқаро авиацияси корхоналарини трансформация қилиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Транспорт вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардиянинг аэровокзал, темир йўл ва автобус вокзалларида (кейинги ўринларда - вокзаллар) йўловчи ҳамда ташриф буюрувчилар учун замонавий талаблар асосида кўрсатилаётган хизматлар сифатини тубдан яхшилаш, кириб-чиқишни соддалаштириш, зарур шароитлар яратиш ҳамда вокзаллар ва уларга тегишли ҳудудда тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида, қуйидаги таклифларига розилик берилди:

  • вокзаллар биноларига ташриф буюрувчиларнинг хавфсизлик талабларига риоя қилган ҳолда кириб-чиқишларига рухсат бериш;
  • вокзаллар ва уларга тегишли ҳудудларда умумий овқатланиш жойларини ташкил этиш, чакана савдо ҳамда хизмат кўрсатиш фаолиятини ташкил этишга рухсат бериш тартибини соддалаштириш;
  • халқаро аэропортлар ҳудудида барча турдаги йўловчи автотранспорт воситаларига аэропортларнинг эстакадасидан фойдаланишга рухсат бериш;
  • вокзалларнинг асосий текширув пунктларини кириш жойларидаги бирламчи назорат-текширув постлари билан бирлаштириш.

Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Транспорт вазирлиги:

  • уч ой муддатда мутасадди идоралар вакилларидан иборат таркибда Республика комиссиясини тузган ҳолда, вокзаллар бинолари ва уларга тегишли ҳудудларда хавфсизликни таъминлаш тартибларини илғор хорижий тажрибадан келиб чиқиб ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритади;
  • вокзаллар бинолари ва уларга тегишли ҳудудларда хавфсизликни таъминлашнинг замонавий техник назорат воситалари (транспорт ва шахсни аниқлаш воситалари) ва усуллари билан тўлиқ таъминлаб бориш чораларини кўради.

Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси Молия вазирлиги билан биргаликда халқаро аэропортларда реконструкция қилиш ҳисобига авиация хавфсизлиги хизмати, чегара, божхона ва бошқа қўриқланувчи ҳудудлардаги ўзгаришларни инобатга олиб, талаб этиладиган штат бирликларига ўрнатилган тартибда тегишли ўзгартиришлар киритиб боради.

Top