09:22 / 01.05.2021
8890
Қибрайлик беш болали она ватанли бўлди. У яхшилар кўмагидан мамнун

Ҳеч бир аёл турмушга чиққач ота уйига бўзлаб қайтмасин экан. Айниқса, фарзандлари билан. Беш фарзанди билан ота уйида оғир аҳволда яшаётган қибрайлик Дилором опа ҳақида икки йил аввал ёзган эдик. Унинг турмуш ўртоғи тижоратда инқирозга учрайди ва яшаб турган уйидан ҳам айрилиб, ўзи жазони ўташ муассасасига юборилади. Дилором опа фарзандлари билан қай эшикка бош уришни билмай кўчада қолади. Сарсон-саргардонликлардан кейин ота уйи унга бошпана бўлади.

Ҳар доим йиқилганни суяйдиган танти халқимиз бу оилани қўллаб-қувватлаш мақсадида бел боғлади. Яхши инсонлар кўмаги билан ота ҳовлисининг бир томонидан оилага уй қуриш ишлари бошланган. Рамазон муносабати билан опанинг ҳолидан хабар олиш мақсадида Қибрайда бўлдик. Яхшилар кўмагида кўтарилган тўрт хонадан иборат уй деярли битай деб қолибди.

Дилором опанинг ўзи ҳам, фарзандлари ҳам қараб ўтирмай қўлидан келганча меҳнат қилиб, қурилишни охирига етказиш, ширин турмуш кечириш илинжида ярим тундан шом қоронғисига қадар меҳнат қилади. Ҳа, айнан тундан шомгача. Улар тунда «оптом» бозорда иш бошлашади.

 «Нонга пул тополмаган кунларимиз бўлган. Ҳомиладорлигимда ҳам бозорда хоним пишириб сотардим. Орада ўғлим туғилганда ишлашга имконим бўлмади. Энди ўзим ҳам ҳаракат қиляпман: гул бозорга бориб улгуржи нархда оламиз, уйда безатиб чиройли дизайн қилиб дўконларга топширамиз. Бундан ташқари, уйда турли пишириқлар пишириб сотамиз, хуллас тирикчилигимиз бор.

Бор умидим фарзандларимдан. Ўғилларим доим ёнимда юришади, ёлғизлигимни билдиришмайди», дейди Дилором опа.

Оила аъзолари билан ифтор пайтига яқин кўришдик. Беш фарзанд ифторлик дастурхонини тайёрлашга киришди: бўйсира тўрт ўғилнинг бири сув, бири пиёла ташиган, опалари ҳовли супурган... Ҳали битмаган уй ва унда ифторликка йиғилган бахтиёр оиладаги файзни кўриш кўнгилни кўтаради.

«Фарзандларимдан куч оламан. Мен кучли бўлмасам улар кимга суянишади? Уларга доим далда беришга ҳаракат қиламан. Меҳнат қилишни, меҳнат қилган одам кам бўлмаслигини ўргатаман», дейди она.

Гулмира Тошниёзова тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси — Шерзод Эгамбердиев

Top