08:35 / 01.05.2021
33172
Шавкат Мирзиёевнинг шахсий аралашуви натижасида муаммо барҳам топди - Комил Алламжонов тожик-қирғиз чегарасидаги тўқнашув ҳақида 

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов Тожикистон ва Қирғизистон чегарасидаги тўқнашув ҳақида фикр билдириб, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатлари ва шахсий аралашуви натижасида бугун бу муаммо барҳам топганини айтди.

“Куни кеча бутун матбуот қирғиз ва тожик чегарасидаги отишмалардан ларзага келди. Очиғи, шахсан мен бу ҳодиса катта урушга айланиб кетишидан қаттиқ хавотирга тушиб қолдим. Танклар ва ҳарбий самолётларнинг отишмаларини кўриб, вазият осонликча ўнгланмайдигандек туюлди. Қанчадан қанча одам вафот этди. Жуда кўплар яраланди. 

Лекин Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатлари ва шахсий аралашуви натижасида бугун бу муаммо барҳам топди. Тожикистон ҳамда Қирғизистон президентларининг ҳар бири билан алоҳида суҳбатлашиб, ўзаро муросага эришилди. 
 
Эртага яна баҳсли фикрлар бўлар, балки. Ким биринчи уруш бошлади, ким ҳақ-у ким ноҳақ деган айбловлар ҳам ўртага чиқиши мумкин. Лекин нима бўлганда ҳам, қўшниларимиз бир-бирлари билан келишиб олишди. Ўзбекистон раҳбари дунё ҳамжамияти кўз ўнгида Марказий Осиё минтақасидаги ўз овозига эга, энг авторитет шахс, вазиятни барқарорлаштира оладиган лидер сифатида намоён бўлди.  

Шубҳасиз, бунда кейинги йилларда давлатимиз ва қўшни мамлакатлар ўртасидаги муносабатларнинг яхши томонга ўзгаргани, дўстона алоқалар ўрнатилгани самара берди. Уруш тўхтади. Аллоҳга минг шукур”, деб ёзади Комил Алламжонов ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

28 апрел куни қирғиз-тожик чегарасида икки давлат чегарачилари ўртасида можаро келиб чиқди, 29 апрелда эса у қуролли тўқнашувларга айланиб кетди.

Можаро Тожикистон томони Исфара дарёси юқори оқимидаги “Бош” сув тақсимлаш пунктида сув тақсимотини назорат қилиш мақсадида видеокузатув камераларини ўрнатишга қарор қилганидан кейин бошланган. Қирғизистоннинг чегара отряди ва Боткен вилояти полиция ходимлари видеокамераларни ўрнатишни тўхтатишни талаб қилган. Томонлар бир тўхтамга кела олмагани можаронинг авж олишига олиб келган. Тожикистон бу ҳудудни ўзиники деб ҳисоблайди, Қирғизистон эса баҳсли ҳудуд сифатида билади.

Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, чегарадаги қуролли тўқнашувлар вақтида Қирғизистоннинг 31 нафар фуқароси ҳалок бўлган, 154 нафар фуқаро тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган. Тожикистон ҳозирча бу борадаги маълумотларни келтирмаган. Бироқ маҳаллий ОАВнинг хабар беришича, можаро вақтида Тожикистоннинг 10га яқин фуқароси ҳалок бўлган, 90дан кўпроғи жабрланган.   

Аввалроқ, Шавкат Мирзиёев Садир Жапаров билан мулоқотда "Тошкентдаги саммитда қабул қилинган мажбуриятларни сўзсиз бажариш муҳим"лигини қайд этганди

Top