17:01 / 03.05.2021
1033
Самарқанд вилоятидаги мактабларда қанча ўқитувчи етишмаётгани маълум қилинди

Бугунги кунда вилоятдаги умумтаълим мактабларига бир ставка ҳисобидан 606 нафар педагог кадрларга эҳтиёж бор. Бу ҳақда халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдаги сессиясида маълум қилинди. 

Ҳудудлар бўйича таҳлил қилинганда энг катта эҳтиёж Нуробод туманига тўғри келиши маълум бўлган. Мазкур туманга 167 нафар ўқитувчи керак. Шунингек,  Қўшработда 158, Нарпайда 58, Ургутда 47, Иштихон 38, Пайариқда 32 ва Пастдарғом туманида 30 нафар ўқитувчига эҳтиёж бор. 

Таълим даражаси юқори бўлмаган 269 та «қизил» мактабда педагогларга бўлган эҳтиёж 420 нафарни, олис ҳудудда жойлашган 62 та мактабда 169 нафарни ташкил этади. 

Ушбу эҳтиёжни Самарқанд давлат университетининг 2290 нафарга яқин (шундан 542 нафари давлат гранти) битирувчилари орасидан қоплаш режалаштирилган.
Вилоят халқ таълими бошқармаси раҳбари Зебинисо Шодиевага кўра, мазкур битирувчилар орасидан педагогик қобилиятга эга ёшлар танлаб олиниб,  таълим даражаси юқори бўлмаган 269 та ва олис ҳудудда жойлашган 62 та мактабга ишга қабул қилинади. Педагог кадрларга бўлган эҳтиёжлар ish.uzedu.uz сайтига ҳам жойлаштирилган.

Маълумот учун, ҳозирги кунда вилоятда 56 370 нафар ўқитувчилар фаолият кўрсатмоқда. Улардан 47 552 нафари (84,4 фоиз) олий, 1 893 нафари (3,4 фоиз) тугалланмаган олий, 6 925 нафари (12,3 фоиз) ўрта махсус маълумотли ўқитувчилар ҳисобланади.

Top