13:29 / 05.05.2021
631
АҚШдан Оролбўйи аҳолиси учун 3 млн долларлик гуманитар ёрдам юборилди

АҚШнинг «Project C.U.R.E.» ташкилоти ва «Boeing» компанияси томонидан Қорақалпоғистонинг Оролбўйи ҳудуди аҳолиси учун гуманитар ёрдам юборилди. Хайрия юкида 3 млн долларлик тиббиёт буюмлари ва жиҳозлари, сунъий шамоллатиш мосламалари бор. Бундан ташқари, кейинги гуманитар ёрдамни етказиш учун 100 минг доллар миқдоридаги чек топширилди.

Вашингтон штатининг Сиэтл шаҳрида гуманитар ёрдамни юбориш маросимида Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов ва «Boeing» компанияси вице-президенти Монта Фрэйзер, «Project C.U.R.E.» нодавлат ташкилоти президенти Дуглас Жексон ҳамда ушбу ННТнинг хорижий ҳукуматлар билан ишлаш бўйича директори Мелиса Эспости иштирок этди.

Гуманитар юк бўйича келишувлар 2019 йилда элчихона раҳбари ва «Project C.U.R.E.» президенти Дуглас Жексон билан ташкилотнинг Вест-Груве (Пенсильвания) ва Хьюстон (Tехас) шаҳарларидаги омборларига ташриф чоғида эришилган.

Хабарга кўра, Қорақалпоғистон соғлиқни сақлаш вазирлиги сўровига биноан «Project C.U.R.E.» томонидан Сиэтлда шакллантирилган гуманитар юкнинг биринчи жўнатмаси қарийб 6 тоннага тенг. Ушбу юкни Канзас-ситидан Сиэтлга (3 минг км) Пенсильвания штатидаги ўзбеклар диаспораси фаолларидан бири, логистика компанияси асосчиси Аҳмаджон Одилов амалга оширди.

Шунингдек, АҚШдаги ўзбекистонликлар томонидан асос солинган «Give to Get International» хайрия ташкилоти кўмагида мустақил экспертларнинг Қорақалпоғистондаги тиббиёт муассасаларининг эҳтиёжларини баҳолаш бўйича харажатлари тўланди.

«Биз Қорақалпоғистонга гуманитар юкнинг биринчи партиясини «Dreamliner» самолётида юбориш тадбирида иштирок этаётганимиздан жуда хурсандмиз. Айниқса, коронавирус пандемияси билан боғлиқ бугунги синовли вақтда ушбу хайрия тадбирига улуш қўшаётганимиздан мамнунмиз», — деди Монта Фрэйзер.

«Гуманитар ёрдам, беғараз кўмак 5 май куни Тошкентдан Нукус шаҳрига етказилади. Тиббий жиҳозлар билан таъминланган навбатдаги 4 та контейнердаги инсонпарварлик юки ёз фасли охирига қадар Оролбўйи минтақасига юборилади», дейилади хабарда.

Top