17:21 / 05.05.2021
22641
«Марҳум январда ички ишлар органларидан бўшатилган» – Ўзини осган ИИБ ходими ўлими бўйича муносабат билдирилди

Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармаси Қумқўрғон туман ИИБ бошлиғи собиқ ўринбосарининг ўз жонига қасд қилиши билан боғлиқ ҳодисага муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, 3 май куни соат 08:00 ларда Жарқўрғон туманининг «Марказий Сурхон» маҳалласида яшаган Рустам Сирожиддинов уйидаги молхона шифтига ўзини осиб, жонига қасд қилган. Қумқўрғон туман суд-тиббиёт экспертизаси бўлимининг дастлабки маълумотномасида марҳумнинг ўлимига «юқори нафас йўллари сиқилиши, механик асфикция, сиртмоққа осилиш» сабаб бўлгани, эркакнинг баданида бошқа тан жароҳатлари мавжуд эмаслиги кўрсатилган.

Вилоят ИИБ баёнотида марҳум 1975 йилда Жарқўрғон туманида туғилгани, муқаддам Қумқўрғон туман ИИБ бошлиғининг ўринбосари лавозимида ишлагани, пенсия олиш ҳуқуқини берадиган билдиргиси асосида 2021 йилнинг январ ойида ички ишлар органларидан бўшатилгани келтирилади.

Таъкидланишича, собиқ ИИБ ходимининг ўз жонига қасд қилгани юзасидан Жарқўрғон тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Kun.uz ички ишлар органларидаги манбаларига таяниб, Қумқўрғон туман ИИБ бошлиғининг собиқ ўринбосари, муқаддам Денов туман ИИБ бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаган подполковник Рустам Сирожиддинов 2 май куни ўз жонига қасд қилгани ҳақида хабар берган эди.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилда ИИВ Кадрлар бош бошқармаси бўлим бошлиғи Фарид Абдиев ички ишлар ходимлари орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари ҳақидаги саволга жавоб бераркан, суицидлар асосан хизмат фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ҳолатларда содир бўлиши, оилада қанақадир қарздорлик бўлган ҳолатларда рўй бериши мумкинлигини айтганди. Унинг маълум қилишича, ички ишлар тизимида иш юкламасидан келиб чиқиб суицид қилинган ҳолатлар ёки хизмат пайтида ўзини қанақадир хизмат қуроли билан [отиб ўлдиргани] камдан-кам бўладиган ҳолат ҳисобланади ва сўнгги пайтларда бунақа ҳолатлар кузатилмаган.

2019 йилнинг апрел ойида ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармасининг Тошкент вилояти манзил колонияси жиноят қидирув бўлими катта тезкор вакили, подполковник Асомхўжа Аброров ўз кабинетида арқон билан осилган ҳолатда топилгани хабар қилинган эди.

Top