21:05 / 05.05.2021
8280
Президент фармони билан 500га яқин қонунчилик ҳужжатлари бекор қилинди

2021 йилнинг 30 апрель куни «Миллий қонунчилик базасини комплекс тизимлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармони билан 500га яқин эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган ҳужжатлар бекор қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими Kun.uz’га хабар берди.

Маълум қилинишича, қонунчиликни сон жиҳатдан тизимлаштириш эндиликда сифат жиҳатдан яхшиланмоқда ва бу борада икки йўналишда иш олиб борилиши режалаштирилган:

1) консолидация, яъни 120дан ортиқ давлат органлари фаолиятини тартибга солувчи 1600дан зиёд тарқоқ ҳужжатлар бирлаштирилиши.

Бу жуда муҳим масаладир, сабаби бугунги кунда битта вазирликнинг ваколатларини тушуниш учун камида ўнлаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмунини ўрганиш ёки қўшимча вақт ва молиявий харажатларни талаб қиладиган юридик маслаҳат олиш зарур. Ўз навбатида, ўнлаб турли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўрнига, тегишли давлат органи фаолиятига оид барча асосий масалалар батафсил баён этилган битта ҳужжатнинг талабларини тушуниш ва уларга риоя қилиш осонроқ.

2) амалдаги ҳуқуқий базани қонунчилик тармоқлари бўйича тизимлаштириш.

Бунинг учун 60га яқин энг муҳим соҳалар кесимида амалдаги ҳужжатлар тизимлаштирилади. Ушбу иш нафақат ҳужжатлар сони камайишига, балки уларнинг сифатини сезиларли даражада яхшилашга хизмат қилади. Жумладан, тизимлаштириш жараёнида ҳуқуқни қўллаш амалиётида турли муаммоларга олиб келувчи такрорланишлар, зиддиятлар, ҳуқуқий бўшлиқлар ва бошқа камчиликлар бартараф этилади.

Адлия вазирлиги бу борада масъул ижрочиларга услубий ёрдам кўрсатади, шунингдек, фармонда белгиланган вазифалар ўз вақтида ва сифатли ижро этилишини таъминлаш чораларини кўради.

Top