23:04 / 08.05.2021
25217
Кўзи ожиз ота-онасига «кўз» бўлаётган ногирон қизнинг ибратли ҳаёти

Баъзан бирор юмушимиз битмагани ёки арзимаган сабаблар туфайли тушкунликка тушамиз, ҳаётдан нолиймиз. Лекин орамизда шундай инсонлар борки, ҳар ишдан ҳикмат топишади. Ҳаёт синовлари сабаб имконияти чекланган бўлиб қолган бўлса-да, шукр қилиб, яшаш учун курашади.

Наманганлик эр-хотин Муҳаммадёқуб Қурбонов ва Сарбархон Қирғизбоеванинг кўзи ожиз. Шунга қарамай ҳаётда бир-бирларига суянч бўлиб яшашади. Аллоҳ уларга беш қиз, бир ўғил фарзанд берди. Улар болалари соғлом туғилгани учун ҳам шукр қилишади.

Муҳаммадёқуб ака ва Сарбархон опанинг иккинчи фарзанди Азиза Қурбонова 19 ёшида касаллик туфайли ногиронлик аравачасига михланиб қолган. Айтишларича, Азиза шифокорларнинг нотўғри ташхиси туфайли шу ҳолга тушиб қолган.

«19 ёшимда ўнг қўлимнинг охирги бармоғи шишиб оғриб қолган, шифокорга кўринганман, муолажалар олганман, лекин ўзгариш бўлмаган. Секин-секин касаллик оёғимга ҳам ўта бошлаган. Бир йўл суяк емирилиши ташхиси билан даволанганман, аслида эса полиартрит касаллиги билан оғриган эканман, бориб-бориб бу дард мени тўшакка михлаб қўйди», – дейди Азиза.

Азиза ўзига берилган дардни Аллоҳнинг синови деб билади, ҳар ишда бир ҳикмат бор, дейди. Унинг энг катта орзуси – талабалик бахтига муяссар бўлиш.

«Худо хоҳласа, оёққа туриб кетсам, албатта ўқийман. Ўрта таълимни гимназияда олганим боис, аниқ фанларни яхши ўзлаштирганман. Мактабни тамомлагач, Наманган муҳандислик-қурилиш институтининг менежмент йўналишига ҳужжат топширдим, лекин тўлов-шартнома асосида ўқишга кирибман. Ота-онамнинг нафақасигагина кун кўрганимиз боис ўқий олмадим. Грант асосида қабул қилинсам, ҳарна стипендияга ўқишдаги харажатларни қилиб, уйга ҳам ёрдам қиламан деб ўйлардим. Лекин кетма-кет ҳар йили фақат шартнома асосида ўқишга кириш насиб қилди, шунинг учун ўқий олмадим», – дея армони ҳақида сўзлайди у.

Қаҳрамонимиз китоблар ўқишни яхши кўради. У ота-онасига ҳам китоб ўқиб беради. Уй ишларини бажаришда эса кўзи ожиз ота-онасига «кўз» бўлиб кўмаклашади.

«2008 йилгача Наманган шаҳридаги кўп қаватли уйларнинг бирида яшардик. Уй бетондан қурилгани сабабли ҳам менинг касалимга тўғри келмас эди. Ота-онам билан биргаликда астойдил дуо қилиб, ҳовлимиз бўлишини тиладик, мана, ниятимизга етдик.

Ҳозир ҳовлимизнинг экин майдонига рўзғор учун зарур бўладиган резаворларни экамиз. Экиш ишларига опа-сингилларим ёрдамлашади. Қолган ишларни ота-онам билан биргаликда қиламиз», – дейди у.

Нима қилишни Азиза айтиб туради, ота-онаси эса пайпаслаб бажаришади. Ўзлари етиштирган маҳсулотлар рўзғорга ярайди.

«Тўрт фарзандимни турмушга берганман, ўғлим эса Россияга ишлагани кетган. Худо хоҳласа, ўғлим яхши ишлаб келса, уй-жойларни битказиб, келин оламиз.

Кўзим ожиз бўлса ҳам ҳамма ишни ўзим уддалайман. Овқат қиламан, уй ишларини қиламан; қизим кўрсатиб, айтиб туради. Қўшниларимиз ҳам роса яхши, кўмаклашиб туришади.

Аллоҳ бизга шундай синов берган экан, нолимаймиз. Бировга муҳтож ҳам эмасмиз. Берган ризқига шукр қилиб яшаймиз», – дейди Сарбархон Қирғизбоева.

Ногирон бўлса-да, бири бирига «кўз», бири бирига «қўл-оёқ» бўлиб яшаётган бу оила вакиллари тўрт мучаси соғлом бўла туриб бир-бирига кўмаклашиш ўрнига озор бераётган инсонлар учун чинакам ибрат бўла олади. Хулоса ўзингиздан.

Юлдуз Юлдашева,
Kun.uz мухбири

Мавзу
Ҳаётий ҳикоялар
Турфа тақдирлар ва умр манзаралари
Барчаси
Top