13:20 / 11.05.2021
2471
Рамазон ойида имом-хатиблар ташаббуси билан муҳтож оилаларга 10 миллиард сўмлик хайрия қилинди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати маълумотига кўра, Рамазон ойида имом-хатиблар бошчилигида бир неча ўн минглаб эҳтиёжманд оилалар, «Мурувват» ва «Саховат» уйларига, шифохоналардаги ҳақдорларга 10 миллиард 35 миллион сўмдан ортиқ озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа турдаги хайриялар етказиб берилган.

Рамазон саховат ойи ҳам. Бу улуғ ойда қилинган хайрияларга ўндан етти юз баробаргача ва ундан ҳам кўпайтириб берилади.

Имом-хатиблар ҳам бу ойда саховатпеша инсонларни хайриялар қилиб, улкан ажру савоб олиб қолишга тарғиб қилади, эҳтиёжманд оилаларга далолат қилиб ҳақдорларнинг кўнглини обод қилади.

«Жорий йил Рамазон ойида хайрия анъанаси янада кенгайди. Бу муборак мавсум давомида имом-хатиблар ва саховатпеша инсонларнинг яхшилик йўлидаги ҳамкорлиги натижасида юртимиздаги бир неча ўн минглаб эҳтиёжманд оилалар, «Мурувват» ва «Саховат» уйларига, шифохоналардаги ҳақдорларга 10 миллиард 35 миллион сўмдан ортиқ озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа турдаги хайриялар етказиб берилди.

Албатта, бу хайрия ишларининг ҳаммаси эмас. Махфий тутилган, ҳисобга киритилмаган хайриялар бундан ҳам кўп. Имом домлаларимиз мушкули бор, кўнгли синиқ кишиларга моддий хайрияларни улашиш баробарида уларнинг кўнглини ширин сўз билан кўтариб, ҳақларига дуои хайрлар қилдилар.

Қуръони каримда марҳамат қилинади: «Эҳсоннинг мукофоти фақатгина эҳсондир» (Ар-Роҳман сураси, 60-оят). Яъни яхшиликнинг мукофоти фақатгина яхшиликдир. Ояти каримадаги биринчи яхшиликни бандалар қилади. Унинг ичига барча эзгу ишлар киради. Иккинчи яхшилик эса Аллоҳ таоло яхшилик қилувчиларга берадиган жаннатдир.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Энг афзал садақа Рамазонда қилинган садақадир». Имом Аҳмад ва «Сунан» соҳибларининг баъзиларидан қилинган ривоятда: «Ким бир рўзадорга ифторлик берса, у учун у (рўзадор)нинг ажридан ҳеч нарса камаймаган ҳолатда бўлади (ёзилади)», деганлар.

Эслатиб ўтамиз, имом-хатиблар ташаббуси билан Рамазоннинг илк ҳафтасида қарийб 2 миллиард, икки ҳафтасида 4 миллиард сўмлик сўм хайрия қилинган эди», дейилади хабарда.

Top