11:21 / 12.05.2021
5400
Президент: «Аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш долзарб масалага айланиб бормоқда»

Шавкат Мирзиёев макроиқтисодий вазият, ҳудудлар ва тармоқларда иқтисодий ўсишни таъминлаш бўйича биринчи ярим йилликдаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказмоқда.

“Аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш кун сайин долзарб масалага айланиб бормоқда. Лекин, айрим ҳудудларда баъзи турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмлари камайишига йўл қўйилмоқда.

Мисол учун, тухум ишлаб чиқариш ҳажми Тошкент вилоятида – 5 фоизга, Сирдарёда – 4 фоизга камайиши ҳисобига ушбу вилоятларда тухумнинг нархи 7 фоизга, республика бўйича эса 3,6 фоизга ошган. Наҳотки шунча берилган имкониятларга қарамай, битта тухум ишлаб чиқаришни йўлга қўя олмаяпсизлар?

Гўшт ва ўсимлик ёғининг ҳам жаҳон бозоридаги нархлари 1 йилдан буён тўхтовсиз ўсаётгани барча раҳбарларни зарур чора-тадбирларни кўришга ундаши керак. Умуман, ҳар бир ҳоким 3 ойлик захира яратилиши бўйича алоҳида ҳисобот беради. Бу масалага суст қаралса, одамлар норози бўлади.

Жорий йилда чорвачилик йўналишида 1 мингта, паррандачиликдаги 277 та лойиҳани ишга тушириш ҳисобига 13 минг тонна гўшт, 608 минг тонна сут, 3 миллиард дона тухум ва 14 минг тонна парранда гўшти етиштирилиши таъминланиши лозим.

1,1 миллион гектар асосий майдонларда 224 минг гектар боғ-ток ораларига ҳамда ғалла ва эртанги экинлардан бўшайдиган 873 минг гектарга сабзавот, картошка, полиз, шоли, мойли ва озуқа экинларини етиштиришни ташкил этиш зарур.

Ёғ-мой маҳсулотларига ички бозорда аҳоли талабини қондириш мақсадида, жорий йилда 246 минг тонна мойли экинларни етиштириш ва бунинг ҳисобига 86 минг тонна мой ишлаб чиқарилишини таъминлаш керак”, деди давлат раҳбари.

Top