10:13 / 15.05.2021
6960
Шаҳрисабзда янги лойиҳа: ҳудудда форел балиқлари етиштирилмоқда

Шаҳрисабзнинг “Танҳоз” дарёси бўйида форел балиғи етиштириш бошланди.

Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Шаҳрисабз туманида бўлиб, хонадонларда балиқ чавоқлари парваришлаш ва етиштириш ишлари билан танишди. Ишни тез фурсатларда бошлаш, банкдан ажратиладиган маблағларни ўз вақтида тадбиркорларга етказиш лозимлигини айтиб ўтди.

Маълумот ўрнида, давлат раҳбарининг 2020 йил 12-13 ноябр кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида Шаҳрисабз ва Китоб туманларида аҳоли хонадонларида сунъий ҳавзаларда кооперация усулида форел балиғи етиштириш топшириғи берилганди.

Ушбу топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида “Хитой”, “Ҳисор” ва “Тошбулоқ” МФЙлари бўйича 317 та форел лойиҳаси шакллантирилди. Хусусан, фуқаролар хонадонларида 4 млрд 350 млн сўмлик 145 та лойиҳа кўзда тутилган. Бундан ташқари, 172 та форел лойиҳаси юридик шахслар томонидан амалга оширилади.

Масалан, Қоратут маҳалласидаги “Камар дориворлари” МЧЖга қарашли 0,5 гектар ер майдонида ижара асосида 40 та янги балиқчилик ҳавзаси ташкил этиладиган бўлди. Натижада йилига 10 тонна балиқ ишлаб чиқариш имконияти яратилади. Лойиҳа қиймати 1,2 млрд сўмни ташкил қилиб, 40 та янги иш ўрни яратилади.

Худди шундай, “Хитой фареллари” МЧЖга қарашли дарё ўзанидаги 1,3 гектар майдон “NONA-К” О/Ксига ажратилиб берилди. Ташаббускор йилига 15 тонна балиқ етиштириш имкониятига эга бўлган 38 та ҳавза барпо этиш таклифини билдирилди.

Бундан ташқари, ҳудудда 6 та юридик ташкилот томонидан “Форелчилик кооперациялари” ташкил этилиб, уларга 115 нафар аъзо бириктирилади.

“Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси томонидан форел балиғи етиштиришни кенгайтириш мақсадида “Камар дориворлари” МЧЖга интенсив усулда 180 минг дона балиқ тухумини очириш сиғимига эга бўлган 3 та термос олиб келинди. Мазкур ускуна ёрдамида 10 кунлик муддатда 3-4 граммлик балиқ чавоқлари тайёрланиб, фуқароларга таъминот сифатида етказиб берилади.

Лойиҳанинг аҳамиятли томони шундаки, айни вақтда ҳудудда ташкил қилинган 117 та ҳовузнинг 66 таси фуқаро хонадонларида. Соҳанинг бу тартибда ўзлаштирилиши фуқароларимизнинг тадбиркорликка рағбатини оширади, албатта. Ўз навбатида, кўплаб оилаларнинг бандлиги таъминланиб, аҳолининг балиқ маҳсулотларига бўлган талаби қондирилади, одамларимизнинг даромади ортади.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Top