11:41 / 16.05.2021
652
“Оналарга эҳтиром” фестивалига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди

Фарғона шаҳридаги Ёшлар иттифоқининг мажлислар залида мамлакатимизда илк бор Фарғона вилоятида ўтказилаётган “Оналарга эҳтиром” фестивалига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди, дея хабар берди Kun.uz мухбири.

Унда вилоят ҳокимининг ўринбосари Файзулло Қосимов, Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раиси Энахон Сиддиқова, вилоят ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси – Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи в.б. Дилноза Эргашева ҳамда журналист ва блогерлар иштирок этди. 

Матбуот анжуманида “Оналарга эҳтиром” фестивалини ташкил этиш ғояси, унинг жамият учун тутган ўрни ва бу орқали оналарга эҳтиром кўрсатишни намоён этиш ҳақида сўз борди. 

Фестивал ташкилотчиларининг маълум қилишича, 25 та номинация бўйича ғолиблар аниқланиб, ҳомийлар томонидан уларни моддий рағбатлантириш кўзда тутилган. Маҳаллалардан асл мукофотга лойиқ аёлларни танлашда коррупцияга йўл қўйилмаслиги таъкидланди.

Анжуманда ташкилотчиларга ОАВ вакиллари томонидан фестивал иштирокчиларини танлаш борасидаги бир қатор таклифлар билдирилди. 

Файзулло Қосимов, Энахон Сиддиқова ва Дилноза Эргашева фестивал ташкилий қўмитаси томонидан амалга оширилаётган ишлар, худди шундай фестивал Индонезияда бўлиб ўтиши одат тусига айлангани ҳақида маълумот берди.
 “Оналарга эҳтиром” фестивалининг вилоят босқичи 20 майдан бошлаб ўтказилиши, байрам тадбирларининг якуний қисми май ойининг охирларида бўлиб ўтиши маълум қилинди.

Аввалроқ, Фарғона вилоятининг барча шаҳар ва туманларида мазкур фестивал бўлиб ўтиши ва бу борада вилоят ҳокимининг “Оналарга эҳтиром” фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисидаги қарори қабул қилингани ҳақида маълумот берилган эди.   

Top