12:21 / 22.05.2021
1773
Самарқандда 2 минг доллар порани олмаган ИИБ ходимига 15 миллион сўм мукофот берилди

Самарқанд вилояти ИИБ томонидан 2 минг доллар порани олмаган ИИБ ходимига 15 миллион сўм мукофот берилган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 10 май куни Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ тезкор ходими Қорасув маскани Баҳодир Ялангтуш маҳалласида ўзини шубҳали тутган А.Ю.ни холислар иштирокида тинтувдан ўтказганда, унинг чўнтагида 2,16 грамм оғирликдаги марихуана борлиги аниқланиб расмийлаштирилган.

Шундан сўнг мазкур фуқаро ўзига нисбатан тўпланган ҳужжатларни рўйхатдан ўтказмаслик ва тергов органи томонидан қонуний чора кўрмаслик эвазига тезкор ходимга 2 000 долларни пора сифатида таклиф қилган.

Ходим унга бир неча маротаба бу иш жиноят эканини тушунтиришига қарамасдан, у пора таклиф қилишда давом этган. Тезкор ходим ҳолат юзасидан вилоят ИИБ бошлиғи номига билдирги билан мурожаат қилган.

Қайд этилишича, ходимнинг билдиргисига асосан, 11 май куни ИИВ ЎХБ Самарқанд вилояти бўйича бўлими, Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ, Самарқанд шаҳар прокуратураси ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда Каттақўрғон шаҳар А.Темур кўчасида яшовчи 1987 йилда туғилган А.Ю. ИИБ ходимига 2 000 долларни пора тариқасида берган вақтда далилий ашёлар билан ушланган.

21 май куни Самарқанд вилояти ИИБ раҳбарияти ҳамда ИИВ ЎХБ Самарқанд вилояти бўйича бўлими бошлиғи томонидан ИИБ ходимлари, уларнинг ота-оналари ва оила аъзолари иштирокида йиғилиш ўтказилган. Йиғилишда шахсий таркиб ўртасида хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш, ходимлар томонидан содир этилиши мумкин бўлган нохуш ҳолатлар олдини олиш тўғрисида маъруза қилинган.

Йиғилиш сўнгида коррупцияга қарши курашишда фаоллик кўрсатиб, жиноятчи томонидан пора тариқасида таклиф этилган 2 000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олмасдан, унинг ашёвий далиллари билан ушланишига эришиб, қонун устуворлигини таъминлаган капитан У.Саримовга вилоят ИИБ бошлиғининг буйруғи билан 15 миллион сўм пул мукофоти берилган. Бундан ташқари, унинг ота-онасига ташаккурнома ва қимматбаҳо совғалар топширилган.

Top