22:24 / 23.05.2021
6597
Ироқ президенти мамлакат коррупция сабабли триллион доллар йўқотганини маълум қилди 

Ироқ миллий иқтисодиётнинг турли соҳаларида амалга оширилган коррупциявий битимлар сабабли 2003 йилдан бери бир триллион доллар йўқотди. Бундай маълумотларни Ироқ президенти Барҳом Солиҳ келтириб ўтди.

Фото: EPA/KAMAL AKRAYI

“2003 йилдан то ҳозиргача Ироқ коррупция сабабли триллион доллар йўқотди”, деб келтирган Солиҳнинг сўзларини Alsumaria TV телеканали.

Ироқ президентининг маълум қилишича, 20 йилдан камроқ давр ичида коррупциявий битимлар сабабли мамлакатдан ноқонуний равишда 150 млрд доллар олиб чиқиб кетилган, нефт тармоғида тузилган нопок келишувлар туфайли хорижга миллионлаб долларлар жўнатилган. 

Солиҳнинг фикрича, “коррупция ва террорчилик ўзаро боғланган ҳамда бир мақсадни кўзлайди”. Шу сабабли, Ироқ президенти мамлакат парламентига коррупциядан олинган даромадларни ундириш ҳақидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқиш учун киритган. Ушбу қонун лойиҳаси ноқонуний йўл билан олинган маблағларни қайтариш ва коррупциячиларни жавобгарликка тортиш бўйича чораларни ўз ичига олган.

Солиҳ шу ўринда ИШИД террорчи гуруҳига қарши кураш олиб борган халқаро алянс каби коррупцияга қарши курашувчи халқаро коалицияни ташкил этишга чақирган.

Top