18:43 / 27.05.2021
12308
Ўзбекистон миллий жамоаси Австралияга қарши ўйнамайдиган бўлди, Дубайдаги рақиб ўзгарди

Ўзбекистон миллий жамоасининг Дубайдаги йиғинга ва кейинчалик Саудия Арабистонида ўтадиган ЖЧ-2022 саралаш босқичи ўйинларига йўл оладиган таркиби аниқ бўлди. Чимёндаги йиғинда қатнашган 10 футболчига жавоб берилди ва улар Саудияга бормайди.

Режага кўра, Ўзбекистон миллий жамоаси 29 май куни Дубайда Австралияга қарши ўртоқлик ўйинида майдонга тушиши керак эди. Бироқ Австралия миллий жамоаси бир неча футболчиси жароҳат олгани сабаб ўйинни бекор қилишга қарор қилган. Бу ҳақда ЎФА ахборот хизмати хабар берган.

Манбада ёзилишича, энди Ўзбекистон 30 май куни Таиландга қарши ўртоқлик ўйинида майдонга тушади. Учрашув қандай тартибда ўтиши аниқ эмас. Австралияга қарши ўйин эса 30 дақиқадан 3 та таймга бўлиб ўтказилиши айтилганди.

Маълумот учун, ЖЧ-2022 иккинчи саралаш босқичини «D» гуруҳида ўтказаётган Ўзбекистон 5 ўйиндан кейин 9 очко тўплаб иккинчи ўринда бормоқда. Саралаш гуруҳининг охирги учта ўйинини Ўзбекистон Саудияда ўтказади. Абрамов жамоаси 7 июн куни Сингапур билан, 11 июн куни Яман билан, 15 июн куни Саудия билан ўйнайди. Гуруҳ ғолиби ва барча гуруҳлардаги энг яхши иккинчи ўринни олган 4 жамоа ЖЧ-2022 саралашининг ҳал қилувчи босқичига йўл олади.

Top