09:49 / 28.05.2021
2510
«Давлат қарзи тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди

Халқаро экспертлар тавсиялари асосида «Давлат қарзи тўғрисида»ги қонуннинг дастлабки лойиҳаси ишлаб чиқилгани маълум қилинди.

Молия вазирлиги давлат қарзини самарали бошқариш ва шаффофлик даражасини ошириш бўйича бажарилаётган ишлар юзасидан ҳисобот берди.

Манбага кўра, мазкур йўналишда қонун лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилган.

«2020 йилдан бери Халқаро валюта жамғармаси билан биргаликда қарз барқарорлиги таҳлили амалга оширилиб келмоқда ва илк бор 2021 йил учун бюджетномада акс эттирилди. Халқаро экспертларнинг тавсиялари асосида «Давлат қарзи тўғрисида»ги қонуннинг дастлабки лойиҳаси ишлаб чиқилди», дейилади маълумотда.

Шунингдек, манбада 2020 йилдан бошлаб жалб қилинадиган давлат ташқи қарзи миқдорларини қонуний чегаралаш амалиёти йўлга қўйилгани, давлат ташқи қарзни жалб этиш бўйича шартномаларнинг чекланган ҳажми (5,5 млрд доллар) белгилангани келтирилган.

«2021 йилдан бошлаб устав фондида (капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ миқдорда бўлган юридик шахсларнинг (ижтимоий соҳа объектлари ва инфратузилма лойиҳалари бундан мустасно) инвестиция лойиҳалари давлат кафолатисиз бозор шартларида молиялаштиришга ўтказилмоқда», дейилади ҳисоботда.

Маълум қилинишича, давлат қарзини бошқариш борасида ўрта муддатли стратегия ҳар йили республиканинг макроиқтисодий ривожланиши ҳамда давлат бюджети параметрларидан келиб чиқиб янгиланмоқда.

Шу билан бирга, бу йил ички мажбуриятлар бўйича давлат кафолати берилиши тўхтатилди ва давлат қарзини бошқариш ҳамда молиявий таҳлил тизимидаги маълумотлар автоматлаштирилди. Давлат қарзи статистикаси шаффофлигини ошириш мақсадида давлат қарзи ҳолати ва динамикасининг чораклик шарҳини ва хорижий инвесторлар учун махсус ойлик ахборотномани вазирлик расмий веб-сайтида эълон қилиш ва хорижий инвесторларга юбориш амалиёти йўлга қўйилди.

Бундан аввал, 2021 йилнинг 1-чорагида Ўзбекистон давлат қарзи миқдори ва унинг камайгани маълум қилинганди. Хусусан, қарз ҳажми 23,2 млрд долларни ташкил этди ва йил бошига нисбатан 133,7 млн долларга камайди.

Шунингдек, республика ташқи қарзининг тақсимоти ва валюта таркиби ҳам очиқланди. Қайд этилишича, давлат ташқи қарзи бюджетни қўллаб-қувватлаш, электр энергетика, транспорт, уй-жой коммунал хўжалиги соҳаларига йўналтирилган бўлиб, валюта таркибининг 70,4 фоизи АҚШ долларида жалб қилинган.

Top