23:19 / 28.05.2021
10420
Эрдўған Истанбулда йириклиги бўйича учинчи масжидни очди

28 май куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Истанбулнинг Тақсим майдонида барпо этилган янги масжидни очиб берди. Унинг таъкидлашича, Тақсим масжиди Туркиянинг энг йирик шаҳрида Чамлижа ва Аё София масжидларидан кейин катталиги бўйича учинчи масжидга айланди.

Эрдўған масжид очилишида у «Истанбул забт этилишининг 568 йиллигига совға» бўлганини айтган. Туркия президентининг Истанбулга ташрифи вақтида хавфсизлик чоралари кучайтирилган ва кўплаб одамлар тўплангани сабабли йўлларда ҳаракатланиш қисман тўсилган.

Масжид очилишида, шунингдек, вице-президент Фуат Ўктай, маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой ва ҳукмрон партия раиси ўринбосари Бинали Йилдирим иштирок этган.

Тақсим масжиди қурилиши 2017 йилда бошланган. Эрдўған 1990-йиллар бошида Истанбул мэри лавозимини эгаллаган кезлардаёқ ушбу масжидни қуришга ваъда берган. Масжид шаҳарнинг марказий майдонларидан бирида, Туркия Республикаси асосчиси Мустафо Камол Отатурк ҳайкали ёнида қад кўтарди. Масжид ички ҳовлиси билан бирга ўз ичига 2,5 минг кишини сиғдира олади.

Масжид қурилишига қарши чиқувчилар ҳам топилган. Уларнинг фикрича, Туркия аксарият аҳолиси мусулмон бўлишига қарамай, биринчи навбатда дунёвий давлат бўлиб қолиши керак. Шунингдек, масжид қурилиши учун Тақсим майдонида Отатурк номи билан аталувчи маданий марказ биноси бузиб ташлангани ҳам танқид остига олинган.

Таъкидланишича, 1997 йилда Туркиянинг ўша вақтдаги ҳарбий қўмондонлиги Тақсимда масжид қурилишига норозилик билдириб, таркибига Эрдўған ҳам кирган ҳукуматни истеъфога кетишга мажбур қилган.

Top