07:50 / 31.05.2021
3144
Банкларда ички аудит қандай ўтказилиши маълум бўлди

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан Тижорат банкларининг ички аудитига қўйиладиган талаблар тўғрисидаги низом ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.

Ушбу низомни ишлаб чиқиш жараёнида «Банк назорати бўйича Базель қўмитасининг Банкларда ички аудитга оид тамойиллари» ва Ички аудиторлар институтининг «Ички аудитнинг халқаро касбга оид стандартлари», шунингдек миллий банк тизимининг ўзига хос жиҳатларини ҳисобга олган ҳолда хорижий давлатлар тажрибалари ўрганиб чиқилди.

Мазкур низомда банкларда таваккалчиликларга йўналтирилган ички аудитни ташкил этиш мақсадида аудиторлик текширувларини режалаштириш ва ўтказишда банкнинг риск-профили, шу жумладан таваккалчиликларни бошқариш тизимининг ҳолати ва йирик таваккалчиликлар ҳисобга олиниши лозимлиги назарда тутилган.

Мустақиллик ва холислик тамойилига мувофиқ ички аудит хизмати ходимидан аудиторлик текшируви пайтида низолар чиқишига йўл қўймаслик, банк фаолиятидаги камчиликлар ва ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, шунингдек уларни бартараф этиш ва банк фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш талаб этилади.

Бундан ташқари, тижорат банкларида корпоратив бошқарув стандартларига мувофиқ мустақил таркибий бўлинма сифатида ички аудит хизмати фаолиятини ташкил этиш учун банк аудити бўйича бошқарма ва қўмитанинг ҳамда кузатув кенгашининг функциялари ва мажбуриятлари батафсил белгиланди.

Шунингдек, Марказий банк ва банкнинг ички аудит хизмати ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг самарадорлигини таъминлаш мақсадида ушбу низомга алоҳида нормалар киритилди.

Янги низом кучга кириши билан 6 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат ўз кучини йўқотади.

Тижорат банкларининг ички аудитига қўйиладиган талаблар тўғрисидаги низом 8.08.2021 йилдан кучга киради.

Top