15:48 / 31.05.2021
9557
«Ўзбекистон эълон қилган қашшоқлик чегараси унга ўхшаш мамлакатларникидан юқори» — Жаҳон банки эксперти

Ўзбекистонда минимал истеъмол харажатлари 440 минг сўм деб эълон қилинди. Жаҳон банки эксперти Уилям Зейтс янги камбағаллик чегараси Ўзбекистондаги каби даромад даражаси ўхшаш мамлакатлардагига нисбатан юқорилигини таъкидлади.

Минимал истеъмол харажатлари қийматининг дастлабки ҳисоб-китоблари эълон қилинди. Унга кўра, минимал истеъмол харажатлари ойига киши бошига 440 минг сўм этиб белгиланди.

Жаҳон банкининг Марказий Осиёдаги қашшоқлик ва тенглик бўйича дастури менежери Уилям Зейтс АОКАда бўлиб ўтадиган матбуот анжуманида янги камбағаллик чегараси борасида ўз фикрларини билдирди. Экспертга кўра, камбағаллик чегарасини аниқлашда «асосий эҳтиёжлар нархини аниқлаш» методи танлаб олинган.

«Ўтган йили президент Мирзиёев ҳукумат мамлакатдаги камбағаллик даражасини доимий равишда ўлчаб боришини ва уни қисқартириш бўйича юқори стандартларни жорий этишини эълон қилганди. Шу орқали ислоҳотлар дастури жамиятнинг энг заиф қатламлари эҳтиёжларига йўналтирилганди.

Жаҳон банки камбағаллик даражасини ўлчашнинг муқобил ёндашувларини ва ушбу муаммони ҳал қилишда бошқа мамлакатлар тажрибасини ўрганишда ҳукумат билан ҳамкорлик қилишга таклиф қилинди. Ушбу масала синчковлик билан кўриб чиқилганидан сўнг, «асосий эҳтиёжлар нархини аниқлаш» методи (ўзини яхши томондан кўрсатган тасдиқланган ва энг кўп ишлатиладиган ёндашув) танланди. У ўртача даромадли мамлакатлар орасида кенг тарқалган, жумладан, ушбу давлатлар қаторига Ўзбекистон ҳам киради», дея таъкидлади эксперт.

Уилям Зейтснинг сўзларига кўра, агар камбағаллик чегараси жуда паст даражада ўрнатилган бўлса, аҳолининг энг муҳтож қатламларига ҳаётий зарур маҳсулотларнинг етишмаслиги хавфи бор. Бироқ Ўзбекистон эълон қилган янги камбағаллик чегараси Ўзбекистондаги каби даромад даражаси ўхшаш мамлакатларга қараганда бирмунча юқори.

«Камбағаллик чегарасини тўғри даражада белгилаш жуда муҳим. Ва «тўғри даража»нинг белгиланиши унинг қандай ишлатилиши билан чамбарчас боғлиқдир. Камбағаллик чегарасини аниқлашдан мақсад ҳукумат эътиборини ёрдамга энг муҳтож одамларга қаратишдир.

Масалан, агар камбағаллик чегараси жуда паст даражада ўрнатилган бўлса, аҳолининг энг муҳтож қатламларига ҳаётий зарур маҳсулотларнинг етишмаслиги билан курашиш учун керакли иш қилинмаслиги хавфи мавжуд. Шу билан бирга, камбағаллик чегараси «ўрта синф» деб номланадиган аҳоли қатлами ҳаётининг фаровонлик даражасини ёки турмуш тарзини аниқлаш учун ишлатилмайди. Aгар бу чегара шу тарзда ишлатилса, аҳолининг энг муҳтож қатламларига қаратилган эътибор ва ресурсларни бошқа томонга йўналтирилишига олиб келиши мумкин.

Шу сабабли, камбағаллик чегарасини аниқлаш устида иш олиб бораётган ҳукумат жамоаси натижаларни дунёнинг бошқа мамлакатларида қабул қилинган амалиёт билан жуда эҳтиёткорона таққослади.

Бугунги кунда эълон қилинган янги камбағаллик чегараси Ўзбекистондаги каби даромад даражаси ўхшаш мамлакатларга қараганда бирмунча юқори. Бу шуни англатадики, ушбу янги чегара юқорида айтиб ўтилган мамлакатлар гуруҳига қараганда анча кўпроқ мақсадларни қамраб олади ҳамда ҳукумат ўз олдига анча юқори мақсадларни қўймоқда», деган эксперт.

Эксперт камбағаллик чегараси амалиётда қўлланиши борасида икки жиҳатга урғу берди.

«Камбағаллик чегараси амалиётда қўлланиши бошланиши бўйича икки фикрни билдирмоқчи эдим. Биринчидан, ушбу чегара ҳукуматга илгари аҳолининг камбағал тоифаларига киритилмаган ва ҳеч қандай ёрдам олмаган кишиларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлашга имкон беради.

Иккинчидан, у одамлар бир умрга камбағалликдан чиқиб кетишлари учун имкониятларни кенгайтиради. Бунга қисман муҳтожларга мўлжалланган ижтимоий трансфер дастурлари ёрдам беради.

Aммо, агар халқаро тажрибани кўриб чиқадиган бўлсак, камбағалликни барқарор қисқартиришнинг яна бир муҳим омили бу иш ўринлари яратилиши ва ишчилар учун иш ҳақи оширилиши ҳисобланади. Aйниқса, ушбу имкониятларнинг энг заиф ва изоляция қилинган гуруҳлар учун мавжудлигини таъминлаш жуда муҳимдир», дея таъкидлади у.

Уилям Зейтс камбағалликни қисқартиришда Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорлик қилишдан мамнунлигини айтиб нутқини якунлаган.

Бундан олдинроқ Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Ўзбекистонда киши бошига минимал истеъмол харажатлари 440 минг сўм этиб белгилангани, ойига шундан кам пул топган ўзбекистонлик ночор ҳисобланишини маълум қилганди.

Top