10:45 / 03.06.2021
14726
Ўзбекистондан Россияга мигрантлар оқими 42 фоизга камайди - ОАВ

2021 йилда Ўзбекистондан Россияга мигрантлар оқими 42 фоизга камайди. Бундан «РАНХиГС» ва Гайдар институти мутахассислари томонидан ўтказилган иқтисодий вазият мониторинги натижалари дарак беряпти, деб ёзмоқда «Коммерсантъ».

Қайд этилишича, коронавирус пандемияси ва чегараларнинг ёпилиши Россиядаги чет элликлар сонининг сезиларли даражада қисқаришига олиб келди. Агар 2019 йилда Россияда ойга қараб 9,6 миллиондан 11,2 миллионгача чет элликлар бўлган бўлса, 2020 йилда уларнинг сони январ ойи охиридаги 10,3 миллион кишидан йил охирида 7,1 миллион кишигача камайди.

2021 йилда мамлакатга келганлар сонининг пасайиши давом этди - 1 май ҳолатига кўра чет эл фуқаролари сони 5,66 миллион кишини ташкил қилди. Аввалгидек, Россияга келганларнинг аксарияти (86 фоизи) МДҲ мамлакатлари фуқаролари, аммо 2020 йилда чет элликлар сонининг пасайиши фонида уларнинг сони 39 фоизга камайди. 

Украина ва Молдовадан келган фуқаролар сони энг кўп камайди - мос равишда 53 фоиз ва 51 фоиз, бундан бироз камроқ - Қирғизистон (18 фоиз), Арманистон (22 фоиз) ва Тожикистон (35 фоиз) фуқаролари. 

2021 йилда, 2020 йилга нисбатан, ЕИ мамлакатларидан бўлган фуқаролар сони уч баравар камайди - уларнинг Россиядаги сони 10 йил ичидаги энг паст кўрсаткичда қайд этилди (226 минг). Тожикистондан оқим 37 фоизга, Қозоғистон ва Ўзбекистондан 42 фоизга камайди. 

2021 йил 1 май ҳолатига кўра меҳнат муҳожирлари сони (улар Россияга кириш мақсадини ёлланиб ишлаш сифатида кўрсатган) 2,68 миллион кишини ташкил этди. 2020 йил билан таққослаганда меҳнат муҳожирлари сони учдан бирга (35 фоиз) қисқарди. 

Россияга ишга келганларнинг умумий сонида мамлакатда қонуний равишда қолган меҳнат муҳожирлари улуши 75 фоизни ташкил этди. 

Биринчи чорак охирида меҳнат муҳожирлари Россия минтақавий бюджетларига патентлар учун 8,91 млрд рубл миқдорида тўловларни тўлади (2020 йилнинг шу даврига нисбатан 20 фоизга кам). 

Top