10:57 / 05.06.2021
6044
Ер участкаларини бериш устидан давлат назоратини кучайтириш таклиф этилмоқда

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 январдаги 63-сон қарорига ўзгартиришлар киритиш режалаштирилмоқда. Қарор лойиҳаси муҳокамага қўйилган.

Лойиҳага асосан, ўзгартиришлар қуйидагиларга дахл қилади:

  • Якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкалари бериш ва ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини реализация қилиш тартиби тўғрисидаги низомга;
  • Ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун бериш тартиби тўғрисидаги низомга.

Хусусан, якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкасини аукционга қўйиш учун хулосаси талаб қилинадиган ташкилотлар рўйхатини кенгайтириш режалаштирилмоқда. Яъни, Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати маркази хулосаси. У хавфли гидрометеорологик ҳодисалар (қор кўчкилари, сел ва сув тошқинлари хавфи мавжуд) ҳудудларига тушмаганлиги ҳақида хулоса беради.

Тегишли ваколатли ташкилотлардан хулосалар туман (шаҳар) ҳокимлиги томонидан "YERELEKTRON" ААТ орқали мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи аукцион орқали реализация қилишга мўлжалланган бўш ер участкаларининг рўйхатини ва қурилиш бўлимининг ижобий хулосасини йўллаш воситасида талаб қилиб олинади.

Шунингдек, Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси аҳоли пунктларидан ташқарида жойлашган ер участкалари бўйича – бўлажак қурилиш участкасининг ер қаърида фойдали қазилмалар йўқлиги ҳамда тоғ ва тоғолди ҳудудларида хавфли геологик жараёнлар (кўчкилар, кўчишлар, чўкишлар, суффозиялар ва карстлар) хавфининг йўқлиги ҳақида хулоса бериши назарда тутилмоқда. Шу билан бирга, қўмита фақат бўлажак қурилиш участкасининг ер қаърида фойдали қазилмалар йўқлиги ҳақида хулоса беради.

Мазкур хулосаларни олиш ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун беришда ҳам мажбурий бўлиши режалаштирилмоқда.

Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.

Top