16:15 / 06.06.2021
19142
«Бу ерда одамлар бахтли, хотиржам яшайди» – 100 булоқли Тўқмон қишлоғига саёҳат

Серқуёш Ўзбекистонда инсонни ҳайратга солувчи маконлар жуда кўп. Яна бир бор юртимизнинг ўзига хослигини кўрсатиш мақсадида Самарқанд вилояти, Қўшработ туманидаги олис, тоғли Тўқмон қишлоғига бордик. Туман марказидан 20 километр узоқликдаги ушбу мўъжаз қишлоқда бир неча минг аҳоли яшайди.

Марказдан қишлоқ томон юриб борар эканмиз, нафас олишимиз осонлашганини ҳис қиламиз. Сокинлик, сайроқи қушларнинг овози, майин шабада табиатга янада яқинлашганимизни ҳис қилдиради. Тўқмонликлар, асосан, деҳқончиликнинг узумчилик йўналиши, чорва боқиш билан шуғулланишади. Ундан ташқари, қирларда ўсувчи ёввойи писта бодомдан ҳам даромад олишади.

Қишлоқ томонга бораётганда йўлда, асосан, «Тико» русумли машиналар ҳаракатланаётганини кўрдик. Қишлоқ аҳолисини марказга шу русумли автомобил етказиб қўяди. Бунинг сабаби бор, албатта. «Тико» Ўзбекистондаги энг енгил машина бўлиб, қишлоқдаги қиялик ва нишабликларда бу автомобил билан ҳаракатланиш осон, ҳаттоки қишда ҳам. Шу сабабли «Тико» қишлоқ аҳолисининг асосий транспорт воситаси ҳисобланади.

Муҳтарам ая

Қишлоқ ҳаёти ҳақида ўша ернинг аҳолисидан маълумот олишга ҳаракат қилдик. Илк манзилимиз Лапасовлар хонадони бўлди. Хонадон эгалари Муҳтарам ая ва Облоқул бобо бизни очиқ юз билан кутиб олишди. Муҳтарам ая билан дилдан суҳбатлашдик.

«70 ёшга яқинлашган бўлсам ҳам, доим ҳаракатдаман»

«Қишлоғимизда одамлар, асосан, боғдорчилик, чорвачилик билан шуғулланишади. Қишлоқдошлар бир-биримизни жуда яхши таниймиз, меҳр-оқибатлимиз. Ўзимнинг 9 фарзандим бор. Барчасини оилали, уйли-жойли қилганмиз. Албатта, уларни оёққа турғизиш осон бўлмаган. Умрим меҳнатда ўтди. Меҳнат билан яшаяпман ҳозиргача.

Ҳар доим ҳаракат қилиб турмасам бўлмайди. Одамларимиз асосан узумчиликдан даромад қилишади. Истеъмол қиладиган маҳсулотларимизни ўзимиз етиштирамиз, бозордан харид қилмаймиз. Уйимиз олдида турли мева-сабзавотлар экканмиз. Невараларим билан қараймиз. Ўзим ҳам кетмонни олиб, ер чопаман».

«Тоғда ўсувчи ёввойи писта бодом ҳам умримизни узайтиришга ёрдам беради»

Ҳар бир хонадон ўзига белгилаб олган ҳудудда ўсувчи писта бодомни териб, даромад қилади. Июль-август ойларида етилган бодомни териб, тозалаб, обжувозда чиқаришади ва ундан ёғ ҳосил бўлади. Писта бодом ёғи, Муҳтарам аянинг айтишича, ҳар дардга даво экан. Унинг бир литри 400 минг сўмгача баҳоланиши ҳам мумкин.

Тоғликларнинг саломатлик сирлари

Облоқул бобо

Қишлоқда сув муаммоси йўқ. Чунки тоғ сувидан шаклланган булоқлар аҳоли эҳтиёжини қондиради. Облоқул бобонинг айтишича, қишлоқда 100га яқин булоқлар бор экан. Ҳар бир хонадон ўзига шароит қилиб, булоқлардан уйлари томон қувур тортишган. Булоқ суви тоғликлар саломатлигининг энг муҳим омилларидан биридир.

Облоқул бободан ўзининг кунлик овқатланиш рациони ҳақида сўрадик. Айтишича, эрталаб оч қоринга булоқ сувини ичаркан. Нонуштада, албатта, сут маҳсулотлари бўлади. Мева-сабзавотларни кўпроқ истеъмол қилиб, гўшт маҳсулотларини иложи борича камроқ ейишга ҳаракат қилади.

«Истеъмол қиладиган маҳсулотимиз 100 фоиз табиий, кимёвий моддалар қўшилмаган»

Муҳтарам ая 69 ёшни қаршилаган бўлса ҳам, анча тетик. Аянинг соғлом ҳаёт тарзи қандай бўлиши, умуман, тириклик мазмуни ҳақида фикрлари билан ҳам қизиқдик.

«Тоғ ҳавоси, суви, табиий маҳсулотлар қишлоғимиз одамларининг тетиклиги гаровидир. Мева-сабзавотларни қишлоқ аҳолисининг ўзи етиштиради, кимёвий дорилардан холи. Шунинг учун ҳам мевалар ўзининг табиий хусусиятларини сақлаб қолган».

Ёшим 70га қараб кетяпти. Шунча йиллар давомида жуда катта ҳаётий хулосалар қилдим. Ёшларга айтардимки, ҳаётга енгилтаклик билан қараманг. Қишлоғимизда оилавий ажримлар деярли учрамайди. Бунинг бир неча сабаблари бор. Биринчидан, одамлар фарзандларини болалигидан меҳнат билан улғайтиряпти. Қишлоқ одамларининг умри меҳнат билан ўтяпти, болалар ҳам уларга қараб ўсяпти. Доим меҳнат қилган одам ҳаётнинг, атрофдагиларнинг қадрига етади. Шу сабабданми бизда оилавий ажримлар кам», дейди у.

 Муҳаббат Маъмирова, Kun.uz мухбири,
Монтаж устаси – Жаҳонгир Алибоев.

Top