08:42 / 09.06.2021
4901
Тошкент ва Душанбе 30дан ортиқ янги келишув ва шартномаларни имзолайди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг таклифига биноан эртага, 10 июнь куни расмий ташриф билан Тожикистонга келади. Бу ҳақда «Asia-Plus» хабар берди.

Ташриф дастури Душанбе шаҳрида икки томонлама тадбирларни ўтказишни кўзда тутади - расмий учрашув, тор доирадаги музокаралар ва кенгайтирилган таркибдаги учрашувлар, ижтимоий объектларни очиш учун онлайн маросим, икки томонлама ҳужжатлар тўпламини имзолаш.

Тадбирлар натижасида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг муҳим йўналишларини қамраб олувчи 30дан ортиқ ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.

Ўзбекистон-Тожикистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш режалаштирилган. Кўп қиррали алоқалар учун янги «ўсиш нуқталарини» аниқлашга ва узоқ муддатли истиқболда амалий ҳамкорликни ривожлантириш учун аниқ лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилади.

Шунингдек, раҳбарлар халқаро ва минтақавий сиёсат кун тартиби масалалари бўйича фикр алмашади.

Бундан ташқари, президентлар Тожикистон пойтахтида ўтказиладиган қўшма маданий тадбирларда қатнашади, жамоатчилик вакиллари билан учрашув ўтказади ва Сўғд вилоятидаги бир қатор саноат объектларига ташриф буюради. 

Top