07:52 / 11.06.2021
6512
Ўзгарувчан об-ҳаво гўшт нархига оширувчи босим кўрсатиши мумкин - МБ

Ўзбекистонда ўзгарувчан об-ҳаво шароитлари гўшт маҳсулотлари ва сабзавотлар нархларига оширувчи босим кўрсатиши мумкин. Бу ҳақда Марказий банк маълумотида айтилган.

Фото: Kun.uz

Қайд этилишича, инфляцияни оширувчи ва пасайтирувчи омиллар таҳлили охирги ойларда инфляцияни оширувчи омиллар вазнининг нисбатан юқори бўлаётганлигини кўрсатиб, инфляцион жараёнларни жиловлашга қаратилган тизимли чораларни жадаллаштиришни талаб этмоқда.

“Бу, биринчи навбатда, йил якунлари бўйича иқтисодиётни кредитлаш ҳажмлари ўсиш суръатларининг ЯИМ номинал ҳажми ўсиши билан мувофиқлигини таъминлаш, пул бозоридаги (2-3 фоиз) реал фоиз ставкалари даражасининг ижобийлигини сақлаб қолишни тақозо этади.

Келгуси ойларда фискаль рағбатлантиришлар ҳажмининг ошиши, истеъмол ва инвестицион талаб ҳажми ўсиш суръатларига нисбатан ялпи таклиф ўзгаришининг номутаносиб бўлиши маълум бир инфляцион босимларни келтириб чиқариши мумкин. 

Шунингдек, кейинги ойларда таркибий жиҳатдан инфляцион омиллар, асосан, жаҳон бозорларидаги асосий озиқ-овқат маҳсулотлари динамикаси, мевалар таклифи, автомобиль ёнилғиси ва қурилиш моллари бозорларидаги тенденциялар билан боғлиқ бўлади”, дейилади маълумотда.

Таъкидланишича, жаҳон бозорларида асосий озиқ-овқат маҳсулотлари (кунгабоқар ёғи, шакар ва бошқалар) жорий йил октябрь-ноябрь ойлари учун фьючерс шартномалари нархлари жорий ҳолатдаги нархлардан бирмунча пасайгани кузатилмоқда.

“Жорий йил бошидан бери кузатилаётган ўзгарувчан об-ҳаво шароитлари (дала ва яйловларда сув ресурсларининг камлиги) чорва озуқаси нархларига ва такрорий сабзавот экинларини экиш жараёнига таъсир кўрсатиб, гўшт маҳсулотлари ва сабзавотлар нархларига оширувчи босим кўрсатиши мумкин”, дейилади МБ хабарида.  

Билдирилишича, юқоридаги омиллар таъсирини минималлаштиришда, биринчи навбатда, истеъмол бозорларида рақобатни рағбатлантириш, бозорлар ва савдо тармоқлари кўламини кенгайтириш, асосий озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда етиштириш имкониятлари оширилиши ва ушбу маҳсулотларни етиштириш учун зарурий ер майдонлари ҳамда сув ресурслари ажратилиши ўз ижобий самарасини беради. 

Top