08:02 / 12.06.2021
31854
13та банкка нисбатан санкция қўлланилди – Марказий банк

Ўзбекистондаги 13та тижорат банклари томонидан истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда қоидабузарликка йўл қўйилган. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Марказий банкнинг Банк хизматлари истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизмати томонидан тижорат банклари ва уларнинг жойлардаги муассасалари тўлов терминаллари билан таъминлангани, тўловлар қабул қилиниши ва банк карталаридан нақд пул маблағлари берилиши ҳамда терминал орқали тўловларни амалга ошириш ёки пул маблағини нақдлаштириш бўйича хизмат кўрсатилганда банк карта эгасига “PIN-код”ини мустақил теришга имкон яратиб берилгани бўйича назорат тадбирлари ўтказилиши давом эттирилмоқда.

Хусусан, тижорат банкларининг Андижон, Фарғона, Бухоро, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида фаолият юритаётган муассасаларида назорат тадбирлари ўтказилди.

Мазкур ҳудудларда айрим банк муассасаларида мижозларга банк карталари орқали хизмат кўрсатилишида қоидабузарлик ҳолатлари аниқланди ва бунга йўл қўйган тижорат банкларига нисбатан (“Халқ банки”, “Агробанк”, “Микрокредитбанк”, “Ипак йўли банки”, “Ипотека-банк”, “Қишлоқ қурилиш банк”, “Ўзсаноатқурилишбанк”, “Савдогарбанк”, “Инфинбанк”, “Ҳамкорбанк”, “Миллий банк”, “Алоқабанк” ва “Туронбанк”) белгиланган тартибда санкциялар қўлланилди.

“Агар тижорат банклари бўлинмалари томонидан терминаллар орқали банк хизматлари кўрсатилиши рад этилса, у ҳолда ушбу ҳолат юзасидан Марказий банкнинг Банк хизматлари истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизматига ёзма равишда ёки (71) 212-60-15, (71) 212-73-80, (71) 212-60-94 телефон рақамлари орқали мурожаат қилишингиз мумкинлигини билдирамиз”, дейилади МБ маълумотида.

Top