09:33 / 15.06.2021
3036
Эрон коронавирусга қарши ўз вакцинасини қўллашга рухсат берди

Эрон ҳукумати коронавирусга қарши илк маҳаллий вакцина COVIran Barekat’ни фавқулодда қўллашни маъқуллади.

The Associated Press ахборот агентлигининг хабар беришича, Эроннинг Shifafarmed фармацевтик компанияси ишлаб чиққан вакцина негизида фаол бўлмаган вирус ётади. Вакцинанинг хавфсиз ва самарадор эканини текшириш бўйича илк тадқиқотлар 2020 йил охирида бошланган.

Таъкидланишича, Эрон мутасадди идоралари коронавирусга қарши вакциналар импортидаги муаммолар сабабли шундай қарорга келди. Теҳронда айтилишича, эронликларни оммавий равишда эмлашга АҚШ санкциялари тўсқинлик қилган.

Эрон Яқин Шарқ давлатлари орасида коронавирус пандемиясидан энг кўп жабр чеккан давлат ҳисобланади. Маҳаллий вакцина қўлланиши маъқуллангандан кейин мамлакат эмлаш кампанияси суръатларини ошира олади.

Эрон маҳаллий вакцина ишлаб чиқарилишини апрелдан бошлаган. Ҳукумат сентябргача ушбу воситадан 30 млн дозадан кўпроқ ишлаб чиқаришни режалаштирган.

Top