16:07 / 24.06.2021
3024
МИБ Самарқанд вилоят бошқармаси: 452та оила яраштирилди, алимент тўламаган 36 отага жиноий иш очилди

Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилоят бошқармаси суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш соҳасида жорий йилнинг ўтган 5 ойида амалга оширилган ишлар бўйича матбуот анжумани ўтказди.

МИБ Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғи А.Зокировнинг маълум қилишича, 2021 йилнинг дастлабки 5 ойи давомида бюронинг вилоят бошқармаси ва унинг ҳудудий тармоқлари томонидан жами 2,5 трлн сўмлик 221 минг 120та ижро ҳужжатлари юзасидан ижро тадбирлари амалга оширилган.

Ушбу ижро ишларининг асосий қисмини, яъни қарийб 1,5 трлн сўмлик 116.272тасини суд органларидан келиб тушган ижро ҳужжатлари, 1 трлн сўмлик 104.603та ижро ҳужжатларини ДСИ, ИИБ, ДСЭОМ ва бошқа ваколатли органлардан келиб тушган ижро ҳужжатлари ташкил этган.

5 ой ичида бошқарма томонидан жами 1 трлн 543 млрд 181 млн сўмлик 107.825та ижро ҳужжатлари бўйича якуний қарорлар қабул қилиниб, 64.731та ижро ишлари бўйича амалда салкам 650 млрд сўм маблағ ундирилган. 

Жорий йилнинг 1 июнь ҳолатига алимент тўловларини ундириш билан боғлиқ ижро ҳужжатлари 32 минг 162тани, МИБ вилоят бошқармаси иш юритувидаги жами ижро ишларининг 28,3 фоизини ташкил қилади. Мажбурий ижро тадбирлари натижасида алимент тўловчи қарздорлардан жами 20,5 млрд сўмдан ортиқ алимент пуллари ундирувчиларга ундириб берилди.

Қарздор ва ундирувчилар билан олиб борилган профилактик суҳбатлар натижаси маҳсулида 452та ёш оила яраштирилиб, оилалар тикланган.  

Ижро ишлари бўйича ишсиз, ёрдамга муҳтож, оғир аҳволга тушиб қолган алимент тўловчи қарздорларнинг манзилли рўйхати шакллантирилиб, ушбу тоифага кирувчи 425 нафар алимент тўловчи оталар ишга жойлаштирилиб, уларнинг доимий бандлиги таъминланган.

Қонун устуворлиги ва жазо муқаррарлиги тамойилларига таянган ҳолда, алимент тўловларини тўлашдан мунтазам бўйин товлаб келган жами 385 нафар қарздорлар Маъмурий кодекснинг 474-моддаси билан маъмурий жавобгарликка, 36 нафари эса Жиноят кодексининг 122-моддаси билан жиноий жавобгарликка тортилган.

А.Зокировнинг маълум қилишича, 1 мартдан бошлаб вояга етмаганларнинг алимент пулларини ҳисоблаш ва тўлаш устидан автоматлаштирилган назорат тизими йўлга қўйилган. Бу орқали алиментларни етказишдаги почта харажатлари тежалмоқда. Алиментларнинг ойма-ой, сўзсиз тўлаб борилишини онлайн назорат қилиш имкони яратилмоқда.

Шу билан бирга, ўтган 5 ой давомида Бюронинг вилоят бошқармаси ҳудудий бўлимлари иш юритувида 635,22 гектар ер майдонларида қурилган қурилмаларни буздириш билан боғлиқ жами 4590 та ижро ҳужжатлари мавжуд бўлган. 

Шу даврда амалга оширилган мажбурий ижро тадбирлари давомида 676 та ноқонуний қурилмалар буздирилиб, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган 201,76 гектардаги ер участкалари ҳокимият захирасига қайтарилган. 

А.Зокиров айнан мана шу ижро ишларини амалга ошириш жуда қийин эканлигини таъкидлаб ўтди. Ноқонуний қурилган уйларни бузиш жараёнида ходимларнинг хавфсизлиги ва саломатлигини таъминлаш асосий масалалардан бири эканлигини айтиб ўтди.

Йиғилишда Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси ходимлари журналистларнинг саволларига жавоб беришди. Жумладан, журналистлар таҳририятларга фуқаролардан алимент ундириш бўйича мурожаатлар кейинги ойларда кескин камайганини эътироф этишди.

Ш.Шокиржонов

Top