21:06 / 28.06.2021
8903
Дунёнинг энг йирик банклари рейтинги эълон қилинди

Рейтингдаги дастлабки тўртта ўрин Хитойнинг ICBC, China Construction Bank, Agricultural Bank of China ва Bank of China банкларига тегишли.

Британиянинг The Banker журнали дунёнинг энг йирик 1000та банки рейтингини эълон қилди.

Қайд этилишича, «дунёнинг энг йирик банклари коронавирус пандемияси босимига дош бера олди». Уларнинг биргаликдаги капитали 12,7 фоизга — 9,9 трлн долларгача, активлари эса 148,6 трлн долларгача ошди. 

Шу билан бирга, экспертларнинг хулосасига кўра, банкларнинг умумий даромади 19,2 фоизга камайган. Дунёнинг 16 мамлакатидагина банкларнинг умумий даромади камаймаган — улар қаторидан Хитой, Ҳиндистон, Жанубий Корея ва Швейцария ўрин олган. АҚШ, Канада, Франция, Австралия ва Россияда банкларнинг умумий даромади пасайиши қайд этилган.

Рейтинг муаллифларининг билдиришича, Хитой жаҳон банк саноати драйвери бўлиб қолмоқда: мамлакат банкларининг биринчи даражадаги умумий капитали 18,6, активлари эса 18,4 фоизга ўсган.

Хитойнинг 144та банки дунёнинг энг йирик 1000та банки рейтингидан ўрин олган бўлиб, уларнинг умумий капитали 2,96 трлн долларни ташкил этади. Бу эса рейтингда 178та банки жойлашган АҚШдан (1,58 трлн доллар) қарийб икки бараварга кўп.

Рейтингдаги дастлабки тўртта ўрин Хитойнинг ICBC, China Construction Bank, Agricultural Bank of China ва Bank of China банкларига тегишли.

Бешинчи ва олтинчи ўринларда АҚШнинг JP Morgan Chase ва Bank of America банклари, еттинчи ўринда эса АҚШнинг яна бир банки Citigroup жойлашган.

Британиянинг HSBC банки саккизинчи, АҚШнинг Wells Fargo банки тўққизинчи ва Япониянинг Mitsubishi UFJ Group банки ўнинчи ўринни эгаллаган.

Top