18:48 / 29.06.2021
2421
Қонун ҳужжатларини давлат ҳисобига олишнинг янги тартиби тасдиқланди

Адлия вазирлиги томонидан қонунчилик ҳужжатларини давлат ҳисобига олишнинг янги тартиби тасдиқланди. Вазирлик матбуот хизматининг Kun.uz’га хабар беришича, ушбу соҳани тартибга солган иккита идоравий ҳужжат ўрнига «one in two out» тамойилига асосан битта ҳужжат қабул қилинди.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ҳисобини юритишнинг янги қоидаларида қуйидагилар белгиланган.

Биринчидан, барча турдаги қонунчилик ҳужжатлари Aдлия вазирлиги томонидан марказлаштирилган ҳолда давлат рўйхатидан ўтказилади. Бу тартиб ҳужжатларнинг умумий сони бўйича аниқ статистикасини юритиш ҳамда қонунчиликдаги ўзгаришлар динамикасини кузатиш имконини беради. Шунингдек, давлат органлари ҳам фақат уларнинг фаолиятига бевосита боғлиқ бўлган ҳуқуқий ҳужжатларнинг ҳисобини юритади.

Иккинчидан, янги тартибга асосан Ўзбекистон Республикаси президенти ва Вазирлар Маҳкамаси фармойишлари давлат ҳисобига олинади. Маълум қилинишича, уларнинг назорат нусхаларини юритилиши қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини тўлиқ ва сифатли экспертизадан ўтказилишини таъминлайди.

Учинчидан, Ўзбекистон президентининг кадрлар масалалари, фуқаролик, афв этиш, сиёсий бошпана бериш, давлат мукофотлари билан тақдирлаш ва олий ҳарбий ва махсус унвонларни бериш ва индивидуал тусдаги бошқа масалалар бўйича фармон ва қарор шаклида қабул қилинган ҳужжатлари ҳам давлат ҳисобига олинади.

Бу каби ҳужжатлар фақат давлат рўйхатидан ўтказилиб, уларнинг матнларини Lex.uz сайтида расмий эълон қилиниши талаб этилмайди. Бунинг учун Адлия вазирлигида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун махсус ахборот базаси шакллантирилган.

Тўртинчидан, Lex.uz’да эълон қилинган барча қонунчилик ҳужжатлари назорат ҳолатида сақланади. Яъни ҳар бир қонунчилик ҳужжатида унга киритилган ўзгартиришлар ёки қўшимчалар ёки ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилади.

Шу билан бирга, Aдлия вазирлигида қонунчилик ҳужжатларнинг назорат нусхалари қоғоз шаклида ҳам юритилади. Бу борада, илгари матнга тегишли ўзгартиришлар тўғрисидаги маълумотлар ёпиштирилган бўлса, эндиликда қонунчилик ҳужжатига ўзгартириш киритишга асос бўлган ҳужжатлар рўйхати (ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ёки бекор қилиш) унга илова қилинади.

Давлат идоралари ҳам ўз фаолиятига оид қонунчилик ҳужжатларнинг назорат нусхаларини юритишни шу тартибда олиб боради.

Мазкур ҳужжат 2021 йил 1 июлдан кучга киради.

Top