10:21 / 30.06.2021
21168
АҚШ Афғонистонда мингга яқин ҳарбий қолдириши мумкин

АҚШ Афғонистонда ўз қўшинларининг асосий қисмини олиб чиққандан кейин ўз элчихонаси ва Кобул аэропортини қўриқлаш учун мингга яқин ҳарбийсини қолдирмоқчи. Бу ҳақда расмий шахслар орасидаги манбага таяниб CNN телеканали хабар берди. 

Фото: Master Sgt. Alejandro Licea

Таъкидланишича, АҚШ Афғонистондан қўшинларини олиб чиқишни бир неча кун ичида якунлаши мумкин. CNN маълумотларига кўра, Афғонистонда АҚШнинг Кобулдаги элчихонаси ва маҳаллий аэропорт хавфсизлигини таъминлаш учун мингга яқин америкалик ҳарбий қолиши мумкин.   

Хабарда маълум қилинишича, НАТО Афғонистонда қанча қўшин қолдириши ҳозирча номаълум.

Associated Press ахборот агентлиги ўтган ҳафта Вашингтон Афғонистонда ўз дипломатлари хавфсизлигини таъминлаш учун 650га яқин ҳарбий қолдиришини маълум қилган. Шунингдек, Кобул аэропортида хавфсизликни таъминлашда турк кучларига ёрдам бериш учун сентябргача яна бир неча юз америкалик ҳарбий қолиши ҳам таъкидлаб ўтилган. Агентликнинг маълум қилишича, бу Кобул аэропортини қўриқлашни турк кучлари тўлиқ ўз зиммасига олмагунча вақтинчалик чора ҳисобланади. 

Top