15:33 / 14.07.2021
4485
Комилов «ШҲТ-Афғонистон» мулоқот гуруҳи йиғилишида иштирок этди

14 июль куни ШҲТга аъзо мамлакатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида қатнашиш учун Душанбе шаҳрига келган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов «ШҲТ-Афғонистон» мулоқот гуруҳи йиғилишида иштирок этди.

«Афғонистон ва ШҲТга аъзо давлатларнинг ташқи сиёсат идоралари, ташкилот котибияти, ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ижроия қўмитаси раҳбарлари томонларнинг Афғонистон йўналишидаги қўшма ҳаракатлари, кенг қамровли тинчлик жараёнини қўллаб-қувватлаш чоралари, Афғонистонни барқарор ривожланиш ва иқтисодий тикланиш йўлига қайтаришга доир масалаларни муҳокама қилдилар.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўз нутқида афғон муаммоси билан боғлиқ асосий долзарб масалалар бўйича мамлакатимиз мавқейини маълум қилди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Афғонистоннинг мустақил ва суверен давлат сифатида шаклланишидан манфаатдор. Афғонистонга нисбатан Ўзбекистон яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат ва тенглик тамойилларига асосланган дўстона сиёсат юритади», дейилади Ўзбекистон ТИВ хабарида.

Ўзбекистон Афғонистондаги сиёсий жараён фақат афғонлар томонидан ва Афғонистон халқи раҳбарлиги остида амалга оширилиши зарурлиги тўғрисидаги асосий тамойилга содиқ эканлиги таъкидланган.

Тадбир якунида ШҲТга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирларининг Қўшма баёноти қабул қилинган.

Top