23:47 / 21.07.2021
8051
Эрдўған Кипр Туркия розилигисиз НАТОга кира олмаслигини айтди

Кипр республикаси НАТОга киришининг асосий шарти бу — Туркия розилиги ҳисобланади. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған айтиб ўтди.

Фото: Reuters

“Агар биз бу масалада ижобий жавоб бермасак, Жанубий Кипр НАТОга қўшила олмайди”, деб айтган Эрдўған Шимолий Кипр Турк Республикасига ташрифи давомида.

У Туркия тақиқловига қарамай, Греция 1980 йилда НАТОга қабул қилинганидек, Жанубий Кипр ҳам алянсга шундай йўсинда қўшилишига Анқара йўл қўймаслигини айтган.

Эрдўған Туркия дунё давлатлари Шимолий Кипр Турк Республикасини тан олишига эришишга ҳаракат қилишини айтган. Унинг таъкидлашича, Туркия Кипрдаги барқарорлик ва хавфсизлик учун интилаётган ягона давлат ҳисобланади.

Кипр 1974 йилда турк ва грек миллатига мансуб кипрликлар ўртасидаги ихтилоф сабабли Шимол ва Жанубга бўлинган. Ўшанда ҳарбий тўнтарув натижасида Кипрда ҳокимият тепасига грек ҳарбийлари келган. Бироқ Туркия ўз халқаро ҳуқуқидан фойдаланиб, Кипрга бостириб кирган ва унинг шимолий қисмини эгаллаган. 1975 йилда бу ерда Шимолий Кипр Турк Республикаси ташкил этилгани эълон қилинган.

1974 йилда Кипрнинг шимолий қисми Туркия томонидан босиб олинганига норозилик сифатида Греция НАТО таркибидан чиқиб кетган. Бироқ мамлакат 1980 йилда алянсга қайтишга қарор қилган. НАТОга аъзо давлатлар Туркиянинг қаршилигига қарамай, Грециянинг бу қарорини маъқуллашган.

Top