10:52 / 22.07.2021
5149
Хитой коронавирус келиб чиқишини аниқлаш бўйича ЖССТ билан кейинги ҳамкорликдан бош тортди
Фото: Reuters

Хитой коронавируснинг келиб чиқишини аниқлаш бўйича терговнинг ЖССТ таклиф қилаётган иккинчи босқич ҳамкорлигидан бош тортди. Бу ҳақда Хитойнинг соғлиқни сақлаш давлат қўмитаси раҳбари ўринбосари Цзэн Исин маълум қилди. Пекиннинг фикрича, тергов режаси фан ва теран фикрлашга ҳурматсизлик ҳисобланади.

“Терговнинг иккинчи босқичини ўтказиш таклифида фан ва теран фикрлашни ҳурмат қилмайдиган жиҳатлар бор. Биз бу режага амал қилмаймиз. Хитой ҳукумати илмий ёндашувга асосланган тергов ўтказилишини қўллаб-қувватлайди. Биз вирус келиб чиқишининг сиёсийлаштирилишига қаршимиз”, деб айтган Исин матбуот анжуманида. Унинг таъкидлашича, терговнинг иккинчи босқичи биринчи босқич хулосаларига асосланган бўлиши лозим.       

Коронавирус тарқалишига сабабчи бўлишда гумонланаётган Уҳан вирусология институти вирусни сунъий тарзда олмаганини таъкидламоқда. Институт ходими, биохавфсизлик миллий лабораторияси директори Юан Чжиминнинг айтишича, 2019 йил декабр охиригача институт “коронавирусга тўқнаш келмаган ва уни ўрганмаган” ҳамда ҳанузгача институтнинг бирор ходими ёки талабаси коронавирусга чалинмаган. “2019 йил 31 декабргача институт коронавирусга тўқнаш келмаган ва уни ўрганмаган. Институт ҳеч қачон коронавирусни синтез қилмаган, яратмаган ёки унинг сизиб чиқишига йўл қўймаган. Учинчидан, бирорта ходим ёки талаба ҳанузгача коронавирусга чалинмаган”, деб айтган Чжимин брифингда. Унинг таъкидлашича, вирус сунъий тарзда олингани ёки лабораториядан чиқиб кетганининг бирорта исботи йўқ.

ЖССТ июнда коронавирус келиб чиқишини аниқлаш бўйича терговнинг иккинчи босқичига тайёргарлик кўрилаётганини маълум қилган. Ўтган ҳафта ЖССТ раҳбари Тедрос Адханом Гебрейесус коронавирус лабораториядан чиқиб кетган бўлиши мумкинлигини айтган. Унинг таъкидлашича, Хитойнинг бу масалада ҳамкорлик қилиши “ҳал қилувчи аҳамиятга эга”.

Март ойида ЖССТ мутахассислари Уҳанга ташрифи натижаларига кўра, вируснинг манбасини аниқлай олишмаганини маълум қилишган. Ўшанда экспертлар вирус лабораторияда олингани эҳтимоли озлигини айтишган. Бироқ май ва июн ойларида АҚШ матбуотида коронавирус Уҳандаги лабораториядан чиқиб кетгани аломатлари мавжудлиги ҳақида материаллар пайдо бўла бошлаган. Шундан кейин АҚШ президенти Жо Байден разведкадан коронавирус келиб чиқиши бўйича маълумотлар тўплашни кучайтиришни талаб қилган.

Top