10:48 / 24.07.2021
6546
Россиялик спортчи ёзги олимпия ўйинларида ҳушидан кетди

Россиялик Светлана Гомбоева Токиода бўлиб ўтаётган XXXII ёзги Олимпия ўйинларининг камондан ўқ отиш бўйича саралаш баҳсларида қатнашаётган вақтида ҳушини йўқотган.

Ҳодиса 23 июль, жума куни содир бўлган. Эътиборлиси, ҳушини йўқотган спортчига AҚШ, Италия ва Буюк Британия терма жамоаларининг шифокорлари биринчи тиббий ёрдам кўрсатишган.

Камондан ўқ отиш бўйича Россия миллий мураббийи Станислав Попов РИА Новостига россиялик спортчига биринчи ёрдам кўрсатилганидан сўнг япониялик шифокорлар уни олиб кетишганини маълум қилган.

“Светлана Гомбоева саралаш босқичи баҳслари якунланганидан сўнг ҳушини йўқотди ва йиқилди. Светланага биринчи бўлиб бошқа жамоалар – Италия, Буюк Британия ва AҚШ шифокорлари ёрдамга шошилишди. Унга биринчи ёрдам кўрсатилди, шундан сўнг маҳаллий шифокорлар уни олиб кетишди. Умид қиламизки, ҳаммаси яхши бўлади. Кун бўйи иссиқда бўлгани учун у буни кўтара олмади, деб ўйлайман. Бунақаси фаолиятимда биринчи марта юз бериши. Биз Олипиадагача машғулотлар олиб борган Владивостокданинг об-ҳавоси Японияникига ўхшаш эди”, – дея Станислав Поповнинг сўзларидан иқтибос келтирган Россия Олимпия қўмитаси.

Россия миллий терма жамоасининг яна бир спортчиси Ксения Перова жамоадоши ҳушига келганини маълум қилди.

«Света билан ҳаммаси жойида. Шифокорлар уни кўрикдан ўтказишди, ичиш учун сув беришди. Айтишдики, бу – оддий офтоб уриши. Бундай пайтда уйга қайтиш ва ухлаб олиш керак экан. Унга аллақачон жавоб беришган, ҳозир биз биргаликда олимпия шаҳарчасига қайтяпмиз. Света биз билан ва у ўзини яхши ҳис қилмоқда. Жамоавий баҳсларда у сафимизда бўлади», деб ёзган Ксения Петрова.

Эслатиб ўтамиз, худди шунга ўхшаш воқеа яқинда поёнига етган футбол бўйича «Евро-2020» баҳсларида ҳам кузатилганди. Европа чемпионати 1-туридан ўрин олган Финландияга қарши учрашув вақтида Дания миллий жамоаси яримҳимоячиси Кристиан Эриксен майдонда ҳушини йўқотганди. Ҳаёт аломатларини йўқотган, юраклари уришдан тўхтаган футболчи мўъжиза туфайли омон қолганди.

Мавзу
Токио Олимпиадаси
Пандемия туфайли қолдирилган 2020 йилги Ёзги Олимпиада 2021 йил 23 июлида Япониянинг Токио шаҳрида расман бошланади.
Барчаси
Top