12:00 / 28.07.2021
7014
“Green Uzbekistan” – Huawei компаниясининг барқарор ривожланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қўшган ҳиссаси сифатида

Huawei компаниясининг Ўзбекистондаги “Green Uzbekistan” ташаббуси компаниянинг жаҳонни барқарор ривожлантириш бўйича глобал қарашлари билан жуда мос келади. Huawei БМТТДнинг Орол денгизининг тубини кўкаламзорлаштириш лойиҳасини яна бир бор қўллаб-қувватлади.

Июль ойи бошларида Huawei компанияси ўзининг барқарор ривожланиш бўйича йиллик ҳисоботини эълон қилди, унда Huawei томонидан 2020 йилда амалга оширилган ишлар ва ўзининг барқарор ривожланишни таъминлаш бўйича тўртта, хусусан рақамли интеграция, хавфсизлик ва ишончлиликни таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда барқарор ва уйғун экотизимга эришиш стратегияларини амалга оширишда қўшган ҳиссаси ҳақида баён этилган. Ҳисобот барча манфаатдор томонлар учун жамиятга фойда келтирадиган моддий бойликларни яратишга қаратилган лойиҳалар ҳақида ва БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларининг амалга оширилиши тўғрисида қисқача маълумот беради.

Масалан, 2020 йилда Huawei экологик жиҳатдан янада мусаффо ва барқарор рақамли дунёни яратиш бўйича олиб борган ўз саъй-ҳаракатлари доирасида углерод чиқиндиларини камайтириш, қайта тикланадиган энергиядан фойдаланишни кенгайтириш ва ёпиқ циклдаги иқтисодиётнинг шаклланишига ёрдам беришга кўпроқ эътибор қаратди. 2020 йилда Huawei компаниясининг СО2 чиқиндилари ҳар миллион юань даромадга нисбатан базавий йил (2012) билан солиштирганда 33,2% га камайди ва 2016 йилда компания томонидан белгиланган мақсадли кўрсаткичдан (30%) ошди.

Ўтган йили ривожланишни режалаштириш бўйича глобал экологик нотижорат қўмита 5800 дан ортиқ компанияларни иқлим ўзгаришига қарши курашга қўшган ҳиссаси бўйича баҳолади. Huawei компанияси бошқа саноқли компаниялар қаторида чиқиндиларни камайтириш, иқлим хавфини юмшатиш ва кам углеродли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича қабул қилган чора-тадбирлари учун нуфузли «А» даража билан баҳоланди.

Қайта тикланадиган энергиядан фойдаланишни илгари суриш учун Huawei рақамли энергия ечимларини 170 дан ортиқ мамлакат ва минтақаларда жорий этиб, дунё аҳолисининг учдан бир қисмини қамраб олди. Бугунги кунга қадар ушбу ечимлар ҳисобига қайта тикланадиган манбалардан 325 миллиард кВт/с электр энергияси ишлаб чиқарилди ва 10 миллиард кВт/с электр энергияси тежаб қолинди. Ушбу саъй-ҳаракатлар туфайли СО2 чиқиндиларини 160 миллион тоннага камайтиришга эришилди.

Иқлим ўзгариши бугунги кунда ижтимоий тараққиёт йўлидаги жиддий тўсиққа айланди. Huawei компанияси кам углеродли ривожланиш ва «яшил» тараққиёт стратегиясини тезроқ амалга оширишга интилмоқда ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва яшил иқтисодиётни тиклашга кўп куч сарфламоқда.

“Бизнинг барқарор ривожланиш бўйича йиллик ҳисоботимиз компаниямизнинг рақамли технологияларни жорий этиш ва ўз фаолиятини амалга ошираётган маҳаллий жамиятларни қўллаб-қувватлаш орқали экологик мусаффо ва инклюзив ақлли дунёни уйғунликда ривожлантиришга интилаётганини яна бир бор исботлайди. Бизнинг Ўзбекистон бозорига кириб келганимизга 20 йилдан ошди ва мана шу давр давомида биз мамлакатда АКТни ривожлантириш учун фақат энг илғор ва энг мақбул ечимларни тақдим этиб келмоқдамиз, шунингдек хайрия лойиҳалари ва корпоратив ижтимоий жавобгарликни амалга ошириш орқали барқарор ривожланишга ўз ҳиссамизни қўшмоқдамиз. Масалан, Ўзбекистонда биз “Green Uzbekistan” лойиҳасига алоҳида эътибор беряпмиз, чунки у Ўзбекистоннинг барча аҳолисининг келажагига тааллуқлидир ва биз Оролбўйи муаммосини эътиборсиз қолдиролмаймиз. Умид қиламизки, 10 йилдан сўнг лойиҳада иштирок этаётганларнинг олиб борган ишлари натижаси ва қўшган ҳиссасини яшил Орол денгизи кўринишида кўрамиз”, – деди Ўзбекистондаги Huawei компаниясининг директори Форест Лю.

2020 йилда компания БМТ Тараққиёт дастурининг Орол денгизи тубини кўкаламзорлаштириш  бўйича лойиҳасига “Green Uzbekistan” ташаббуси билан қўшилди. Қуриб кетган ерларга 20 мингга яқин саксовул кўчатларини экишда кўмак берилди. Лойиҳанинг бошиданоқ компания раҳбарияти Орол денгизи минтақасини барқарор ривожлантиришга қўшган ҳиссаси бир марталик бўлмаслигини ва компания лойиҳани узоқ муддатли асосда қўллаб-қувватлашга тайёрлигини маълум қилди. 2021 йилда лойиҳанинг қандай олиб борилаётганлиги билан танишиш ва ўзининг қўллаб-қувватлашни давом эттириш ниятида эканлигининг тасдиғи сифатида саксовул экилган ҳудудга Huawei жамоасининг сафари амалга оширилди. Бу йил Huawei саксовул кўчатларини келгусида экиш учун сотиб олишга яна бир бор ҳисса қўшди ва кўчатларнинг умумий сонини 30 мингтага етказди.

“Хусусий сектор Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда муҳим роль ўйнайди ва биз Huawei сингари компанияларнинг жамиятга сармоя киритиш, тадқиқотлар ва атроф-муҳит муаммоларини ўз бизнесини юритишнинг мантиқий ва ажралмас қисми деб билишидан мамнунмиз. Биз Huawei компаниясига 2020-2021 йилларда биринчи “яшил чемпион” бўлганлиги ва Орол денгизининг қуриб қолган тубига саксовул экишда доимий ёрдам кўрсатаётгани учун миннатдорчилик билдирамиз”, – деди БМТТДнинг Ўзбекистондаги акселератор лабораториясининг тажрибалар ўтказиш бўйича раҳбари Адҳам Қўчқоров.

2020 йилда Huawei компанияси бутун дунё бўйлаб 650 дан ортиқ хайрия тадбирларини ташкил этди. Унинг “Seeds for the Future” деб номланган етакчи ўқув дастури 130 та мамлакат ва минтақалардан 9000 га яқин талабаларни, шу жумладан ўзбекистонлик талабаларни ҳам ўз ичига қамраб олди. Ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлашни давом эттириб, Ўзбекистондаги Huawei компанияси инновацион технологияларга эга кўчма синфларга асосланган “Мобил АКТ Академияси” лойиҳасини тақдим этди.

Реклама ҳуқуқи асосида

Top